Архангельск суди итга "чақирилмаган меҳмонлар"ни тишлашга рухсат берди

Суд қарорига кўра, агар ҳодиса хусусий территорияда рўй бераётган бўлса, уй жонивори ўз эгаларини чақирилмаган меҳмонлардан ҳимоя қилиши мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Архангельск вилояти суди ўз эгасининг уйида эркак кишини қопган ит ҳаракатларини қонуний деб топди.

Жуда таъсирли: Хитойда вафодор ит уч ойдан бери ҳалок бўлган эгасини ўлим жойида кутмоқда

Ҳодиса Архангельскда, собиқ эр-хотинлар яшаган хонадонларнинг бирида юз берган. Уйнинг аёл яшайдиган томонида болакай ва кучук яшаган. Отанинг сўзларига кўра, у боладан хабар олишни истаб, собиқ рафиқасининг хонасига кирган ва болалар каравотига яқинлашган. Худди шу вақтда болани қўриқлаб ётган ит унинг қўлига ҳужум қилган.

Хона бекаси сўзларига кўра эса воқеа бошқача бўлган. Аёлнинг айтишича, собиқ эр маст ҳолатда эшикни синдириб, сўнг болани уйғотишга ҳаракат қилган. Ит унга ҳужум қилгач, эркак жониворни ҳам шу жойнинг ўзида бўғиб ўлдиришга уринган.

Натижада, эркак ўзига етказилган маънавий зарар учун 1,5 минг доллардан ортиқ маблағ талаб қилиб судга мурожаат этган. Эркакнинг талаби қондирилмаган.

"Даъвогар ит бўлган хонада яшамайди, хона унинг хусусий мулки эмас, жавобгарнинг рухсатисиз у бу хонага кириш ҳуқуқига эга бўлмаган. Жавобгарнинг хонасида ит борлигини била туриб, у мустақил равишда жавобгарни огоҳлантирмасдан унинг хонасига кирган ва бу ҳаракати билан итни ўзига ҳужум қилишга провокация қилган", - дейилган судда.

Ҳуқуқ-тартибот посбонлари сўзларига кўра, итнинг эгаси фақатгина жамоат жойларида атрофдагилар хавфсизлигини таъминлаши ва қоидаларга амал қилиши лозим. Хусусий территорияга бостириб кирган шахсларга эса ушбу қоидалар жорий этилмайди.