Жангарилар сафида 20 йилдан кўп яшаган ўзбекистонлик аёл ватанга қайтди

1997 йилдан 2018 йилларга қадар у террористик ташкилотнинг "аёллар қаноти"да бўлган, жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун тайёргарликдан ўтган, Тожикистон, Афғонистон ва Покистон давлатларида бўлган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 фев - Sputnik. Жангарилар сафида 20 йилдан ортиқ вақт яшаган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтди, деб хабар қилинди "Ўзбекистон-24" телеканалида.

Мирзиёев йўлдан адашганларни дарров душманга чиқариб қўймасликни сўради

Сюжетда айтилишича, 1997 йил Зумрад Оллаберганова, эрининг ваъдаларига ишониб, Ўзбекистондан чиқиб кетган ва "Ўзбекистон Ислом ҳаракати" халқаро террористик ташкилотининг жангариларни тайёрловчи лагерига йўл олган.

1997 йилдан 2018 йилларга қадар у террористик ташкилотнинг "аёллар қаноти"да бўлган, жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун тайёргарликдан ўтган, Тожикистон, Афғонистон ва Покистон давлатларида бўлган.

Энг даҳшатлиси, террористик ташкилот фаолиятига у ўз дилбанди Муҳаммадёқуб Олламовни ҳам жалб қилган. Болага содир бўлаётган воқеаларни видеога олиш, уларни Интернетга жойлаштириш ва бу орқали одамларда ташкилотга нисбатан қизиқишни орттириш ва шу йўл билан ташкилот аъзолари сафини кенгайтириш вазифаси юклатилган.

Жуда ёш бўлган Муҳаммадёқуб террористик ташкилот таркибида Покистон ҳукумат қўшинларига қарши олиб борилган жангларда ҳалок бўлган.

Аёлнинг турмуш ўртоғи Норбек Олламов 1999 йилда бир гуруҳ жангарилар билан Ангренга ҳужум қилган вақтда йўқ қилинган. Зумрад Оллаберганова 2000-йилда шариат қонунларига мувофиқ бошқа жангари - Бахтиёр Наврузматов билан турмуш қуради ва қизи Сумаяни дунёга келтиради.

Шундан сўнг Зумрад Оллаберганова, бошқа аёллар сингари Покистоннинг Вана қишлоғи (Жанубий Вазиристон)га кўчирилади. Бу ерда у яна бир қизи - Сожидани дунёга келтиради. Бундай шарт-шароитларда яшаш нафақат аёл, балки унинг фарзандлари учун ҳам дўзахга айланади.

Тошкентда хорижлик жангари-террорчиларни аниқлаш техникаси масалалари муҳокама қилинади

"Уларнинг мақсадлари ҳақида хабар топганимдан кейин мен Ватанга қайтиш йўлларини излай бошладим, қариндошларим билан алоқага чиқдим. Сўнгра яна кураш ва урушларга тўлган оғир ҳаёт бошланди. 2015 йилда биз бу гуруҳ билан Афғонистонга қайтдик. Агар кимдир қайтиш ҳақидаги хоҳиш-истагини айтгудек бўлса, уларни шу жрйнинг ўзида отиб ташлашар ёки болаларини тортиб олишар эди. Худога шукрки, 2018 йилнинг июлида биз болаларимиз билан Ўзбекистон консуллигига мурожаат қилдик ва пушаймонлигимизни етказдик", - деб айтган аёл.

Чегарани кесиб ўтган ва фарзандлари билан эсон-омон Ўзбекистонга етиб келган аёл аллақачон ўз хатоларини англаган. Эндиликда унинг олдида турган асосий иш - жамиятга, соғлом ҳаёт тарзига қайтиш.

Олти нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси эканлигини инобатга олиб, қолаверса хотин-қизлар қўмитаси томонидан берилган кафиллик хатлари туфайли ўз хатосига чин дилдан иқрор ва пушаймон бўлган аёлга нисбатан озодликдан чеклаш қарори чиқарилган.