ТОШКЕНТ, 4 фев – Sputnik. Ички ишлар вазирлиги “Кўнгилочар савдо объектларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаб, умумий муҳокамага қўйди.
Қарор лойиҳасига кўнгилочар савдо объектларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари тўғрисидаги низом илова қилинган.
“Низом сутканинг тунги вақтида фаолият кўрсатувчи кўнгилочар савдо объектларида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига бўлган таҳдидларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этишга, уларни қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари воситалари ҳамда видеокузатув тизимлари билан жиҳозлашга қўйиладиган талабларни белгилайди”, - дейилган қарор лойиҳасида.
Низом қоидалари мулкчилик шаклларидан, сотув ҳажмидан, иншоотнинг ўлчамидан ва ҳоказолардан қатъи назар, сутканинг тунги вақтида одамларнинг дам олишлари ва ҳордиқ чиқаришлари билан боғлиқ товарлар ва хизматларни сотишга мўлжалланган ресторан, кафе, бар, клуб, дискотека, кинотеатр, компьютер заллари, Интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ва бошқа дам олиш жойларига татбиқ этилади.
Низомда айтилишича, кўнгилочар савдо объектларида хавфсизликни таъминлаш ва мол-мулкни қўриқлаш бўйича хизматлар шартнома асосида ички ишлар органлари
ёки қўриқлаш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан кўрсатилиши мумкин.
“Кўнгилочар савдо объектларининг маъмурияти ва ходимлари:
жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ёнғин, табиий офат ва бошқа фавқулодда ҳодисалар содир бўлганда бу ҳақда дарҳол тегишли махсус хизматга хабар беришлари;
одамларни қутқариш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ёрдамида ёнғинни ўчириш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришлари;
жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини, ҳодиса ҳолатларини сақлаб қолиш учун зарур чораларни кўришлари;
объектда пайдо бўлган жиноят содир этганликда гумон қилинаётган
ёки қидирилаётган шахслар тўғрисида дарҳол ички ишлар органига хабар беришлари шарт”, - дейилган ҳужжат лойиҳасида.