ТОШКЕНТ, 21 янв – Sputnik. Жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида эркин курашчи Жамшид Кенжаев қотиллиги юзасидан суд бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Хабарда ёзилишича, жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган Ш. Қиличов “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган. Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган С. Камолиддинов ҳам шу клубда қўриқчи бўлиб ишлаган. Шунингдек, А. Ҳамроев ва Ж. Ёрқуловлар ҳам шундай вазифани бажарган.
“Далилларни текшириш тартиби белгиланди. Бу жараён давомида судланувчилар, жабрланувчи, гувоҳлар ва экспертларнинг кўрсатмалари тингланади. Шунингдек, ушбу иш бўйича тўпланган бошқа далиллар текширилади”, - дейилган хабарда.
Суд жараёни давом этмоқда. Суднинг кейинги мажлиси 23 январь соат 11.00да бўлади.
Тунги клубдаги жиноят: аслида ким айбдор?
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги “Aurum 898” тунги клубида 2018 йил 8 август куни тунги вақтда клубга келган мижоз ва клуб қўриқчилари ўртасида муштлашув рўй берган эди. Муштлашув оқибатида спортчи, яъни эркин курашчи Жамшид Кенжаев вафот этган эди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган, тунги клубнинг тўрт нафар қўриқчиси эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.