ТОШКЕНТ, 30 янв – Sputnik. Венесуэла президенти Николас Мадуро РИА Новостига берган интервьюсида қатор саволларга жавоб берди, шу жумладан АҚШ президенти Дональд Трампнинг уни ўлдириш режалари бўлганини маълум қилди.
Мадуро унга нисбатан янги суиқасд уюштирилиши кутилмоқдами ва бу бўлиши мумкинми, деган саволга қуйидагича жавоб қайтарди:
“Шубҳасиз, Дональд Трамп мени ўлдириш ҳақида буйруқ бериб, Колумбия ҳукумати, Колумбия мафиясига мени ўлдиришлари кераклигини айтган. Агар мен билан бирор корҳол рўй берса, унда Дональд Трамп ва Колумбия президенти Иван Дуке бунга жавобгар бўлади”, - деди у интервью давомида.
Муддатидан олдин президент сайловларини ўтказиш ҳақида тўхталиб, у сайловлар 10 ой олдин конституцион ва қонуний равишда бўлиб ўтганини таъкидлади.
Шунингдек, Россия ва Хитой билан молиявий муносабатлари яхши эканлиги ва улар келажакда ривожланишда давом этишини маълум қилди. Венесуэла иқтисодини ривожлантириш учун Россия ва Хитойнинг мустаҳкам ёрдамига умид қилишини билдириб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Мадуронинг ҳаётига суиқасд уюшитирилган эди. Бу ўтган йилнинг августида Каракасда бўлиб ўтаётган парадлар вақтида содир бўлганди.