Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бериш тартиби тасдиқланди

Ер участкасини ажратиш учун туман (шаҳар), Тошкент шаҳар ҳокимлигига ариза берилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 янв – Sputnik. Ҳукумат қарори билан Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар қилди Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали.

Низомга мувофиқ, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишга ер участкаси эгалари билан очиқ муҳокама ўтказилганидан ҳамда етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади.

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш “Давергеодезкадастр” қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берди

Ер участкаси ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш ишлари ҳокимнинг қарори билан белгиланган ер участкаси ажратилаётган юридик ёки жисмоний шахс (буюртмачи) ҳамда кадастр органлари томонидан шартнома асосида бажарилади.

Буюртмачи ер участкасини ажратиш учун туман (шаҳар), Тошкент шаҳар ҳокимлигига ариза беради.

Ажратилаётган ер участкалари қурилиш органлари билан “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали келишилиши лозим.

Тегишли ташкилотларнинг ижобий хулосалари ва келишувлари олингандан кейин туман (шаҳар), Тошкент шаҳар ҳокими икки кун муддатда ер участкаси ажратиш ҳақида қарор қабул қилади.

Қарор асосида уч кунда ер участкаси чегаралари белгиланади.