ТОШКЕНТ, 11 янв - Sputnik. Ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилди. Бу ҳақда урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент Фармонида айтилган, деб хабар қилди "Ҳуқуқий ахборот" канали.
Ҳужжатда Ўзбекистонда урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан:
- юридик шахслар бино ва иншоотлари, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;
- жисмоний шахслар якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;
- хусусийлаштириш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан амалга оширилади;
- жисмоний ва юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ҳисобланади ва дахлсиздир;
Таъкидланишича, хусусийлаштириш фақатгина кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳолда ҳамда Ҳукумат томонидан белгиланадиган миқдорларда пуллик асосда амалга оширилади.