Ангренда янги темир йўл вокзали ишга тушади

"Ангрен" темир йўл вокзалида учта маҳаллий ва битта халқаро йўналишдаги поэздлар тўхтаб ўтиши режалаштирилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 янв - Sputnik. Тошкент вилояти аҳолисига сифатли темир йўл хизматлари кўрсатиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” томонидан Ангрен кончилар шаҳрида замонавий темир йўл вокзали қад ростлади, деб хабар қилмоқда жамият ЎТЙ матбуот хизмати.

Янги замонавий бино ичида кутиш зали, ВИП зал, тиббиёт пункти, она-бола хонаси, буфет, кўчма савдо нуқталари, электрон маълумотлар маркази ва таблоси мавжуд.

Йўловчиларнинг вақтларини тежаш мақсадида вокзал ҳудудида темир йўл кассаси ҳам қурилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида темирйўлчи қурувчилар томонидан узунлиги 250 метр бўлган перрон ҳам янгидан бунёд этилди.

Янгиланган Тошкент–жанубий вокзал қандай ажойиб кўринишга эга бўлди

Иншоотнинг иситиш ва совутиш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида видео кузатувлар, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги учун махсус чиқиш йўлаклари ҳам ташкил этилган.

Ангрен вокзали биносининг бош режаси “Тоштемирйўллойиҳа” мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган у 100 нафар йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган.

Янги бунёд этилган Ангрен темир йўл вокзали яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Эндиликда бу ерда учта маҳаллий ва битта халқаро йўналишдаги поэздларнинг тўхтаб ўтиши режалаштирилмоқда.