ИИББ фуқароларни фирибгарлар "чўпчагига" ишонмасликка чақирди

"Кимнидир "фош этадиган" "шов-шувли хабарларни" чоп этаётганда эса иккинчи томонни ҳам эшитиш ортиқча бўлмас эди. Айни вақтда бу ички ишлар органларининг эмас, балки Байкунусовага ўхшаган шахсларнинг қонунга хилоф ҳаракатларидан азият чекиб қолган кўплаб жабрдийдалар фикри ҳам", - дейилади мурожаатда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 янв - Sputnik. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот-хизмати "Гарчи кимгадир бу ёқмасада, қилмиш учун жазо муқаррар!" сарлавҳада мурожаатни эълон қилди. Унда айтилишича, интернет сарҳадидаги айрим сайтларда Шахноза Байкунусова номидан мурожаат тарқатилган ва унда аёлга нисбатан олиб борилган жиноий иш суриштируви нохолис олиб борилгани, ҳужжатлар эса сохталаштирилгани таъкидланган.

Тошкент шаҳар ИИББ ўз мурожаатида ҳеч қаерда ишламайдиган Ш.Байкунусова устидан ҳақиқатда ҳам шаҳарнинг бир нечта туманларидан  шикоят аризалари келиб тушгани ва у устидан беш эпизод бўйича Жиноий Кодекснинг 168-моддасига (фирибгарлик) кўра жиноий иш қўзғатилганини тасдиқлаган.

Таъкидланишича, Байкунусова ва унинг шериклари жабрдийдаларга пластик картадаги пулларини нақд қилиб бериш ваъдасини бериб, карталарни қўлга киритгач, "кўздан ғойиб бўлиш" ишлари билан шуғулланишган ва фирибгарлик орқали қўлга киритилган пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишган. Етказилган зарарнинг умумий миқдори 387 миллион 970 минг сўмни ташкил қилган. Гумонда бўлган вақтида Байкунусова терговдан яшириниб юрган, жабрдийдаларга етказилган катта миқдордаги зарар эса қопланиб берилмаган.

ИИББнинг маълум қилишича, ушбу муносабат билан 2018 йил 2 апрел куни Байкунусова ички ишлар идорасига чақирилган ва шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Жиноий-процессуал кодексининг 227-моддаси тартиботига кўра ("Терговчи ёки прокурор қарорига кўра қўлга олиш")  қўлга олинган ва вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган. 3 апрел куни аёлга айб эълон қилинган. 4 апрел куни Миробод тумани жиноий ишлар суди Байкунусовага нисбатан қамоққа олиш жазо чорасини тайинлаган.

Тошкент ИИБ фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди

Суд томонидан айбдор деб топилган Байкунусова суд жараёни давомида етказилган моддий зарарни қоплаган, шу муносабат билан Шайхонтоҳур туман жиноий ишлар суди 2018 йил 18 октябрда аёлга озодликдан маҳрум этиш жазоси ўрнига 2 йилу 2 ой ва 13 кунлик аҳлоқ тузатиш ишларини тайинлаган.

Суд қарори 2018 йил 28 октябрда кучга кирган.

Тошкент ИИББ Ўзбекистон ИИВ номига бўлаётган эътирозларни асоссиз деб ҳисоблашини ва тергов қонун доирасида, объектив ва холисона олиб борилгани, бу суд томонидан тасдиқланганини маълум қилган. Шунингдек, идора интернет фойдаланувчиларини мулоҳазали бўлишга чақирган.

"Бу турдаги мавзуларни муҳокама қилаётганда хулоса чиқаришга шошилмаслик лозим. Кимнидир "фош этадиган" "шов-шувли хабарларни" чоп этаётганда эса иккинчи томонни ҳам эшитиш ортиқча бўлмас эди. Айни вақтда бу ички ишлар органларининг эмас, балки Байкунусовага ўхшаган шахсларнинг қонунга хилоф ҳаракатларидан азият чекиб қолган кўплаб жабрдийдалар фикри ҳам", - дейилади мурожаатда.