Ҳатто пенсионерлар ҳам ёш бўлолмайди

Ўзбекистон пенсионерларини қандай ўзгаришлар кутмоқда? Давлат пенсияни қандай шакллантиради ва пенсия тўлови учун маблағлар қаердан олинади? Бугунги кунда чет давлатларда меҳнат қилаётган мигрантлар қанча миқдорда пенсияга умид қилишлари мумкин? Кўпчиликни ўйлантираётган бу каби саволларга мазкур мақоладан жавоб топиш мумкин
Sputnik

Пенсия – бу нафақат кексарганда олинадиган ва кексаликдек унчалар ёқимли бўлмаган даврнинг моддий таъминотигина эмас, балки инсоннинг ўзининг давлатга, жамиятга кераклилигини, бегона эмаслигини, ортиқча бўлиб қолмаганини ҳис этиб яшашини таъминловчи маънавий восита.

Ўзбекистон пенсия ёшини оширмоқчи

Шу билан бирга бутун дунё бўйлаб, одамларнинг ўртача ёши ошиб бормоқда. Бу эса бир вақтда  ҳар қандай давлатнинг пенсия тизимига жиддий таъсир кўрсатади. Статистик ташкилотлар Ўзбекистонда ҳам аҳолининг ўртача ёши анча ўсганини баён қилмоқда. Ҳа, тибиётнинг ривожланиши, оғир жисмоний меҳнатнинг техника зиммасига юклатилиши, инсоният асрлар давомида йиғилиб қолган салбий одатларидан секин-аста воз кечиб бораётгани инсонлар умрининг узайишига олиб келмоқда. Бу, албатта қувончли ҳол. Бир вақтнинг ўзида ушбу ҳолат жамият ҳаётида, давлат сиёсатида айрим туб ўзгаришларни ҳам талаб этади.

Ўзбекистон 2020 йилга келиб собиқ СССР давридан буён жиддий ўзгартирилмаган пенсия тизимини тўлиқ ислоҳ этишни режалаштирган. Бунда қатор жиддий ўзгаришлар кўзда тутилган. Хусусан, пенсия ёшини ошириш, минимал иш стажи даврини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш (10 йил этиб белгилаш) ва, ҳатто, ишламайдиган аёл учун турмуш ўртоғи томонидан (ихтиёрий) тўлов бадали киритилиб борилиши эвазига ишламайдиган уй бекаларини ҳам келажакда пенсия билан таъминлаш шулар жумласидан.

Албатта, пенсия тизимида ушбу ислоҳотларни амалга киритилишига ҳали вақт бор. Пенсия ёши оширилиши масаласи аксарият фуқаролар томонидан салбий баҳоланаётган бўлса-да, ислоҳотларнинг ижобий томони ҳам бисёр. "Мисол учун фуқаро пенсия бадалини қанчалик кўп тўласа, келажакда пенсиясининг миқдори ҳам шунча ортади. Яъни ишлайдиган одам - эртанги кунда "пенсия" сўзидан ҳайиқмаса ҳам бўлади". Қолаверса, ўртача ёшнинг ошиши натижасида жамиятда улкан пенсионерлар армиясининг юзага келиши ҳам давлат иқтисодини издан чиқариши мумкин.

Ўзбекистон пенсионерларини қандай ўзгаришлар кутмоқда? Давлат пенсияни қандай шакллантиради ва пенсия тўлови учун маблағлар қаердан олинади? Бугунги кунда чет давлатларда меҳнат қилаётган мигрантлар қанча миқдорда пенсияга умид қилишлари мумкин? Кўпчиликни ўйлантираётган бу каби саволларга мазкур мақоладан жавоб топиш мумкин.

Пенсия ёши оширилиши сабаблари

Бутун дунёда фуқароларнинг пенсияга чиқиши ўртача 62 ёшни ташкил этади, фақат Ўзбекистонда бу кўрсаткич 57,5 га тенг. Ҳатто Марказий Осиё давлатларида, мисол учун, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда пенсияга чиқиш эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун 58 ёш этиб белгиланган. Туркманистонда бу кўрсаткич эркаклар учун 62, аёллар учун 57 ёшни ташкил этади. Кўриб турганингиздек, МДҲ давлатлари доирасида ҳам, Марказий Осиё минтақаси бўйича ҳам пенсияга чиқиш ёши фақат Ўзбекистонда энг паст ҳисобланади - эркаклар учун 60, аёллар учун 55 ёш.

Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар, судьялар ва пенсия ҳақида нималарни айтди

Пенсия жамғармаси маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда пенсия ёшидаги шахсларнинг аҳоли умумий сонига нисбати йилдан йилга ошиб бормоқда. 2025 йилга бориб у 11 фоизга етади (2011 йилда 6,2 фоизни ташкил қилган). Шу муносабат билан пенсия тайинлаш борасида мурожаатлар сони ҳам ҳар йили ўртача 16 минг фуқарога ошиб бормоқда. 2025 йилга келиб кўрсаткич 300 мингдан ошади. 2018-2025 йилларда Ўзбекистонда пенсия ёшидаги аҳоли сони 1,2 миллионга кўпаяди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда нафақа олувчилар сони 3 млн. 445 минг нафарни ташкил этади. Шулардан 3 млн. 100 минги ёшга доир пенсия олувчилар ва қолган қисми ижтимоий нафақа олувчилардир.

2018 йил декабрь ойида Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган пенсияга оид фармон туфайли нафақага чиқаётган шахсларга кўпроқ пенсия олиш имконини яратилди. Фармонга кўра 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади.

Шунингдек, янги тартибга мувофиқ эндиликда, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача (ҳозирда 2 млн 27 минг 300 сўмга) оширилди. Бу эса ўз ўзидан пенсияга чиқаётган шахсларга янада кўпроқ пенсия тайинлаш имконини беради.

Пенсия ёши ва меҳнат стажи босқичма-босқич оширилиши

Ўзбекистонда пенсияга чиқиш ёши, айтилганидек, эркаклар учун - 60, аёллар учун 55 ёш. Албатта, пенсия ёшини бирданига ошириш-оширмаслик ҳали чуқур ўйлаб кўриладиган масала.

"Биз бу масалани ўрганамиз, пенсия ёшини бирданига ёки босқичма-босқич оширамизми, бу якуний концепция лойиҳасида акс эттирилади", - дея тушунтиради "Спутник" мухбири билан суҳбатда Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати бўлим бошлиғи Шухрат Ўтаганов.

Ўзбекистонда 2018 йил 1 июлдан бошлаб томорқачиларга пенсия берилади

Пенсия тизимини ислоҳ қилишга қаратилган концепциядаги долзарб масалалардан яна бири бу – талаб этилган стаж миқдорини оширишдир. Ҳозирда Ўзбекистон қонунчилигида пенсия тайинлаш учун киши камида 7 йил иш стажига эга бўлиши лозим.

"Ўзбекистон аъзоликка қабул қилинган Халқаро меҳнат ташкилоти эса пенсия тайинлаш учун 10 йилдан 15 йилгача минимал иш стажи бўлишини талаб этади. Аксарият ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 15 йилдан ҳам ортиқ. Фақат Ўзбекистонда бу минимал талаб собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг кам, яъни 7 йилни ташкил этади", - деди Пенсия жамғармаси вакили.

Ҳозирда бу талабни ошириш масаласи ўрганилмоқда. Пенсия жамғармаси бу ишни ҳам босқичма-босқич, яъни ҳар йили бир йилдан ошириб ёки 2023 йилдан 10 йил қилиб белгилаш масаласини муҳокама қилмоқда.

Пенсия тўлаш учун маблағлар қаердан олинади?

Илгари барча тўловлар пенсия жамғармаси ҳисобидан амалга оширилган. Эндиликда ёшга доир пенсия таъминоти бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, ижтимоий нафақаларнинг барчаси (суюнчи пули, дафн пули ва ҳоказолар) бюджет ҳисобидан қопланади.

Пенсия жамғармасининг бевосита ва асосий даромади манбаи - давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар, бюджет ташкилотлари (улар 25 фоизлик ставкада ягона ижтимоий тўлов тўлашади) ҳамда тадбиркорлик субъектларидир (12 фоиз миқдоридаги ягона ижтимоий тўлов тўлайдилар). Шунингдек, ягона солиқ тўлови ҳам бор, бунинг ҳам маълум бир қисми пенсия жамғармасига ўтказилади.

Туркия Ўзбекистонга пенсия тизимини ислоҳ қилишга ёрдам беради

Жамғарманинг қолган даромад манбаи - ихтиёрий суғурта бадалларидир. (2019 йилдан бошлаб мажбурий суғурта бадали, ихтиёрий суғурта бадали ва иқтисодий суғурта бадали сингари атамалар бекор қилинган. Унинг ўрнига ягона ижтимоий тўлов атамаси киритилган).

Пенсия жамғармасининг энг катта захираларидан бири - Ўзбекистоннинг 14,5 миллион иқтисодий фаол аҳолисидир. Шулардан 5 миллионга яқини расмий ишда ишлайди ва ижтимоий пенсия тизими билан қамраб олинган. Тўққиз ярим миллиондан ортиқ кишилар - яъни норасмий секторда банд фуқаролар: мигрантлар, норасмий ишлаётганлар, халқ тилида айтганда "меҳнат дафтарчасисиз" фаолият юритаётганлар бу бадални тўламаяпти.

Ишчилар, ҳамжиҳат бўлинг! Ёки бутун дунё прелетарлари бирлашингиз!

Хуллас, ҳаммаям пенсия олгиси келади ва олади ҳам. Аммо пенсия жамғармасига тўловни амалга оширадиганлар кам.

Меҳнатга лаёқатли 60 фоиз аҳоли ижтимоий суғурта тизими билан қамраб олинмаган. Шунингдек, ойлик тўлов бадаллари ва пенсия миқдори ўртасидаги боғлиқлик ҳам бир мунча сусайган ва тўлиқсиз стажга эга пенсионерлар сони ўсишда давом этмоқда. Шу боис, пенсия жамғармаси расмийлари янги ишлаб чиқилаётган концепция доирасида айрим таклифлар борасида бош қотирмоқда. Келажакда даромад манбаини, яъни пенсия жамғармасини молиявий ҳолати барқарорлигини таъминлаш чоралари устида ишлашмоқда.

Жамғариб бориладиган пенсия тизимига доир янги қарор қабул қилинди

Бугунги кунда ишлаётган ва жамғарма ҳисобига пул тушираётган кишилар маблағлари ҳисобидан пенсионерларга тўлов амалга оширилмоқда. Келажакдаги пенсионерлар учун келажак авлод тўловни амалга оширади.

Жамғарма молиявий ҳолати барқарор бўлиши учун эса барча тоифадаги шахслар (расмий ва норасмий сектор вакиллари) пенсия жамғармасига ўз улушини қўшишлари керак.

Пенсия жамғармаси расмий вакилининг сўзларига кўра, бугунги кунда аксарият фуқаролардан "менинг стажим йўқ, мен нима қилишим керак? Давлат нега менга пенсия бермайди?", деган саволлар келиб тушмоқда. Жамғарманинг ҳам бундайларга жавоби бор: Давлатга умуман ишламаган, жамғармага улуш қўшмаган бўлсангиз нега давлат сизга пенсия тўлаши керак? Пенсия бу ижтимоий нафақа эмас. Пенсия - бу жамғармага қўшган улуши орқали ўзининг ҳаққини тўлаб бориш дегани. Яъни ҳар бир инсон кексаликда пенсия олиши учун ёшликдан улуш киритиб бориши керак.

Давлат, албатта, ишламаган, стажи йўқларни ҳам кўчага ташлаб қўймайди, нафақа беради. Лекин бу нафақа миқдори бугунги кунда 243 минг сўмни ташкил этади.

 

Бадаллар, бадаллар....

2019 йилда Солиқ концепцияси қабул қилиниши муносабати билан, фуқаролар 1 январдан бошлаб пенсия жамғармасига суғурта бадалини тўламайдиган бўлди. Суғурта бадалининг бекор бўлиши пенсия ҳисоб-китоб механизида ҳам ўзгаришларни содир этди. Қонунчиликка ўзгартириш киритилди. Лекин 2019 йил 1 январигача бўлган фуқароларнинг иш стажи агар суғурта бадали тўланган бўлса, албатта инобатга олинади. Ва ўртача иш ҳақи ҳам суғурта бадали миқдорига қараб аниқланади. 2019 йил 1 январдан кейинги стажи фуқароларнинг иш ҳақиси ҳисобланган бўлса, (иш ҳақи таркибига ҳар қандай (масалан, (қўшимча устамалар ёки йиллик қанақадир мукофот пуллари) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад киритилган бўлса, ўша стажга ҳам ўтади, ва ўртача иш ҳақи ҳам ойлик иш ҳақидан ҳисобланади.  

Ишлаётган нафақахўрларга пенсия тўлаш тартиби ўзгарди

Пенсия жамғармаси фуқаролардан пенсия тизимига ихтиёрий равишда келиб тушадиган тўлов бадаллари миқдорини оширишга эришмоқчи. Бунинг учун бир қанча чора-тадбирлар режалаштирилган. Мисол учун, агар кишига пенсияга чиқиши учун атиги 3 йил иш стажи етмай қолса, у ҳар бир етмаётган йил учун энг кам иш ҳақи миқдорида тўловни амалга ошириб, эга бўлиши мумкин.

Ўз-ўзини банд қилган (норасмий сектор кишилари) йилига энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида тўловни амалга оширсалар, йиллик стажга эга бўладилар. Фақат хорижда ишлаётган, чет элга расмий ёки норасмий кетган фуқаролар йиллик стаж учун йилига 4,5 минимал иш ҳақини тўлайдилар.

Шунингдек, ишлаётган фуқаролар оиланинг ишламаётган аъзолари учун ихтиёрий тарзда бадал тўловини амалга оширишлари мумкин.

Пенсия миқдори фуқаронинг тўлаётган бадали миқдорига боғлиқ, дейди Пенсия жамғармаси расмийлари. Юқорида бадалларнинг минимум миқдори келтириб ўтилди. Агар фуқаро қанча кўпроқ бадал тўлайдиган бўлса, демак келгусида ўзига юқори пенсияни кафолатлайди, дея ишонтиришмоқда улар.

Пенсия тизими қайси давлатдан "кўчирилади"

Пенсия жамғармаси расмийлари сўзларига кўра, янги пенсия тизимини жорий қилишда Жаҳон банки билан ишлар олиб борилмоқда. Яъни Ўзбекистон томон ўзидаги барча маълумотларни Жаҳон банкига тақдим этган, Жаҳон банки эса ўз навбатида бошқа давлатларни тажрибасини ўрганган ҳолда ўз тавсияларини тайёрлаб берган. 

"Аниқ бир давлатни пенсия тизимини Ўзбекистонда жорий қиламиз деб айтишимиз мумкин. Мисол учун, мана Данияники зўр деймиз ёки бўлмаса Польша тизими яхши экан, деймиз. Бориб ўрганиб келиб, ўзимизда жорий қилишимиз ҳам мумкин. Лекин битта нарсани айтиш керак-ки, бирорта давлатнинг пенсия тизими бир-бирини 100 фоиз такрорламайди. Чунки ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусиятлари бор", - дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижрочи директори Ёрқин Турсунов.

Шавкат Мирзиёев пенсияга доир янги фармонни имзолади

Пенсия тизимини янгилаш мақсадида Ўзбекистон вакиллари Польшага бориб келган, Чехияга сафар режалаштирилган, Жанубий Корея ва Россия Федерацияси билан ишларни олиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон дунё бўйича энг илғор тажрибаларни ўрганган ҳолда ўз пенсия тизимини яратишни режалаштирмоқда.

Ҳа айтганча, Пенсия жамғармаси мутасаддиларининг сўзларига кўра, фонд айни вақтда Польшанинг "Асека" компаниясидан республика миқесидаги барча архивларни электронлаштириш бўйича ёрдам сўраган. Архив билан электрон база яратилса, пенсия тайинлашда одамларни овора қилиш масаласи ҳам келажакда ўз-ўзидан йўқолиши мумкин ва фонд ҳам шу билан ўзининг энг оғриқлик нуқтасидан қутулади. Демак, пенсионерлар учун "югур-югур"ларсиз келажак таъминланади.