Амалдорлар учун такрорий эслатма: маҳалладан справка сўраш бекор бўлган

Вазирлик, агар давлат идоралари фуқаролардан яшаш жойидан маълумотномани тақдим этишни талаб этишса, Давлат хизматлари агентлигининг 1148 ҳамда Адлия вазирлигининг 1008 ишонч рақамларига мурожаат этишни сўраган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 янв - Sputnik. Адлия вазирлиги маҳалладан маълумотнома сўраш тартиби бекор қилинган бўлсада, аммо фуқароларни овора қилиш ҳолатлари ҳамон давом этаётгани ҳақида хабар берди.

Шавкат Мирзиёев маҳалла ва унинг вазифаси ҳақида гапирди

"Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ 2018 йил 15 октябрдан давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги, шахснинг ишсизлиги ҳамда болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлиги ҳақида тасдиқловчи ҳужжатларини, шунингдек шахснинг тавсифномасини тақдим қилиш бўйича тартиб бекор қилиниши ҳамда фуқароларга давлат хизматлари кўрсатилиши жараёнида ушбу турдаги ҳужжатларни олиш зарурияти туғилганда, давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мазкур маълумотларни тегишлича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги органларидан мустақил равишда, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали сўраб олиши белгиланган.

Аммо, бугунги кунда ўзини-ўзи бошқариш органлари (маҳаллалар) ва давлат хизматларини кўрсатишда иштирок этувчи қатор ваколатли давлат органлари, шу жумладан туман ҳокимликлари, Ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимлари, туман Давлат солиқ инспекциялари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, мактабгача таълим бўлимлари, халқ таълими бўлимлари, банклар ва бошқа давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан мазкур Қарор талаблари нотўғри талқин этилиб, фуқароларни юқорида кўрсатилган ҳужжатларни олиш учун Давлат хизматлари марказларига юбориш ҳолатлари жуда кўп кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг оворагарчилиги ва норозилигига, шу билан бирга давлат органларига нисбатан салбий қарашига сабаб бўлмоқда", - дейилади хабарда.

Шу боис, Давлат хизматлари агентлиги Давлат хизматлари марказлари томонидан "маҳалладан маълумотнома" берилмаслигини расман эълон қилади.

ХМлар орқали авваллари Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган манзил-маълумот ахборотлари берилади. Мазкур ҳужжат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилган маълумотномадан тубдан фарқланади.

Вазирлик, агар давлат идоралари фуқаролардан яшаш жойидан маълумотномани тақдим этишни талаб этишса, Давлат хизматлари агентлигининг 1148 ҳамда Адлия вазирлигининг 1008 ишонч рақамларига мурожаат этишни сўраган.