Алишер Усмонов Ўзбекистонга 8 миллион долларлик нодир китоблар коллекциясини совға қилди

Нодир китоблар орасида Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобининг илк лотинча таржимаси ҳам бор.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Алишер Усмонов Ислом цивилизацияси марказига қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Алишер Усмоновни Қозоғистон президенти орден билан мукофотлади

Хабарда ёзилишича, ушбу бебаҳо коллекциядан шарқшунослик ва ислом оламининг Европага таъсирига доир XIII асрдан бошлаб то ҳозирга қадар чоп этилган лотин, инглиз, француз, немис тилидаги ноёб китоблар жамланган, Мавжуд 4 923 китобнинг инглиз тилидаги каталоги айни пайтда ўзбек тилига таржима қилинмоқда.

“Нодир китоблар орасида Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобининг илк лотинча таржимаси ҳам бор. Шунингдек, ўта ноёб саналган “Мусулмон манбааларини таржима қилиш учун лотинча-арабча луғат” номли қўлланма ҳам мавжуд”, - дейилади хабарда.

Аввалроқ Алишер Усмонов Москва музейига ноёб қуроллар коллекциясини совға қилгани ҳақида хабар бергандик.