ТОШКЕНТ, 18 янв - Sputnik, Алексей Богдановский. Дунёдаги энг машҳур YouTube видеохостинги айни вақтда оммалашиб кетган кўзи боғланган одамлар иштирокидаги видеоёзувлар билан боғлиқ шов-шувлар фонида хавфли трюклар ва ҳазил-ўйинларни таъқиқлашини эълон қилди.
Кўзлари боғланган одамлар иштирокидаги флешмоблар Netflix томонидан суратга олинган Сандра Баллок иштирокидаги "Қуш қутиси" фильмидан кейин оммавий тус олган. Фильмда охирзамондан кейинги келажак тасвирланган бўлиб, бунда одамлар барча ҳаракатларни боғланган кўзлар билан бажарадилар, акс ҳолда улар ўлимга юз тутади.
Мана шундан сўнг фильм фанатлари ўзларини ва бошқаларни боғланган кўзлар ёрдамида турли машғулотларни бажариш устида тасвирга ола бошладилар. Улар орасида кўзи юмуқ ҳолатда 24 соатни ўтказганлари ҳам бўлди. Ҳатто вирус-видео олиш истагида кўзларини юмиб автомобил бошқарган ҳайдовчилар иштирокида авариялар содир этилган ҳолатлар бўлган.
"Биз қурбонлар ўз хавфсизлиги учун ҳавотир олишга мажбур бўладиган ҳазил-ўйинларга рухсат бермаймиз, шунингдек, болалар ва руҳияти нозик бошқа одамларга ҳам жиддий эмоционал стресс ўтказадиган ҳазилларга йўл қўймаймиз", - деб хабар қилган YouTube маъмурияти. Аёл "талончилар" кўринишида одамларга ўт очган ҳазил-видео муаллифларини мисол тариқасида келтириб ўтган. Шунингдек, ўзига шикаст етказаётган ёхуд ўз ҳаёти ва соғлиғини хатарга қўяётган одамлар тасвирланган видеолар ҳам ўчирилиши айтилмоқда.
YouTube баёнотига кўра, таъқиқ амалга оширилиши мумкин бўлган мезонларни аниқлаштириш учун болалар психологлари жалб этилади.
Видеохостингнинг маълум қилишича, ушбу мезонларга мос келадиган видеоларга улар мазмунини баҳолаш учун икки ойлик "имтиёзли муддат" берилади ва шундан сўнг улар тўлиқ йўқотилади.
Сервис ўз платформаси турли хатарли трюкларга тўла видеолар билан тўлиб-тошган бир шароитда ўз сиёсатини қай тарзда амалга оширишини айтмаган. Бу каби муаммолар "Қуш қутиси"га қадар ҳам мавжуд эди. Мисол учун, сўнгги йиллар давомида ўнлаб одамлар қалтис вазиятларда "селфи" суратга олишга ҳаракат қилиб, ҳалок бўлган.
Бу орада Netflix "Қуш қутиси" ("Птичий короб") фильмини бир ой ичида 80 миллион уй хўжалиги кўришганини маълум қилган. Бу ҳатто голливуд блокбастерлари учун ҳам жуда йирик рақамдир. Мисол учун, "Аквамен" картинаси прокатда худди шу вақт мобайнида 287 миллион доллар тўплаган. Чипта баҳоси ўртача 8 доллардан сал пастлигини инобатга оладиган бўлсак, 2017 йилда бу тахминан 32 миллион индивидуал томошабинни ташкил этади.