Нуфузли меҳмонхоналар билан ҳамкорлик давлат томонидан қўллаб қувватланади

Ўзбекистон ҳукумати дунёнинг нуфузли меҳмонхона брендлари Ўзбекистонга кириб келишига ўз ҳиссасини қўшади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 янв – Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати, туризмни янада ривожлантириш мақсадида, дунёнинг нуфузли брендлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун молиявий ҳиссасини қўшади. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев томонидан 5 январь куни имзоланган 4095-сонли қарорда айтиб ўтилган.

Мирзиёев: 2019 йил туризм ривожида туб бурилиш йили бўлади

Қарорда айтилишига кўра, Ҳукумат тадбиркорларга франчайзинг шартномалари тузилганидан сўнг 3 йил давомида молиявий ёрдам кўрсатади.

Молиявий ёрдамнинг умумий миқдори 10 миллион доллар миқдорида белгиланган. Муайян ёрдам миқдори у  меҳмонхона турига ва хоналар сонига боғлиқ бўлади:

дастлабки 50 та 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;

дастлабки 30 та 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.

Ўзбекистонни туризм маккасига айлантириш учун нима қилиш керак

Туризмни ривожлантириш қўмитаси хабарда айтилишига кўра дунёдаги меҳмонхоналар рейтингига кўра 50 та бренд “ҳамкорлик қилишга лойиқ” деб топилган.

Улар орасида Hilton, Marriott, HYATT, Sheraton, Holiday Inn, Renaissance Hotels, Novotel, The Ritz Carlton, InterContinental, Le Meridien, Radisson каби брендлар бор.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мазкур йўналишда барча зарур амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилади, - дейилган хабар сўнгида.