Тиланчилик учун жазо янада кучайтирилди

Хавфли рецидивист ёки уюшган гуруҳ томонидан тиланчиликка қилишга мажбурлаган ҳолда, ушбу жиноят 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 окт - Sputnik. Ўзбекистонда тиланчилик қилиш билан боғлиқ жиноятлар учун жазо кучайтирилди. Бу ҳақида Ўзбекистон президенти имзолаган янги қонунда айтиб ўтилган.

Ўзбекистон ИИББ матбуот хизматининг Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилишича, ҳозирда қонун ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, қатор тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Қўл чўзганга қамоқ: Ўзбекистонда тиланчилик таъқиқланмоқда

Имзоланган қонунга кўра, аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –

- икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –

- энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Тиланчиликка жалб этиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, бошқа шахсни гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаган ҳолда содир этилган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тиланчилик қилиш қонун билан таъқиқланиши ҳақида хабар бергандик.