Коммунал хизмат қарзларини рўйхатга қўйилган ҳар бир кишидан ундириб олиш мумкин бўлади

Илгари коммунал хизмат бўйича қарзларни фақат уй эгасидан ундириб олиш мумкин эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 янв - Sputnik. Эндиликда коммунал хизмати учун қарзларни уй-жой манзили бўйича доимий прописка қилинган вояга етган барча жисмоний шахслардан ундириб олиш мумкин бўлади. Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган қонунда келтириб ўтилган.

“Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан Уй-жой кодексининг 133-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритилади.

“Уй-жой объектининг манзили бўйича доимий прописка қилинган вояга етган жисмоний шахслар электр таъминоти, газ таъминоти, сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлаш бўйича мажбуриятлар юзасидан қонун ҳужжатларига ва коммунал хизматларни етказиб берувчи (бажарувчи) корхоналар билан тузилган шартномаларга мувофиқ солидар жавобгар бўлади”, - дейилган хабарда.

Солиқ қарзларини пластикдан сўзсиз ечиб олиш ҳақидаги қонун бекор қилинди

Илгари суд орқали тўловни фақат уй эгасидан ундириб олиш мумкин эди.  Эндиликда Мажбурий ижро бюроси суд қарори бўйича мазкур коммунал хизматларидаги қарзларни уйда доимий прописка қилинган барча шахслардан ундириб олишлари мумкин. Бир ҳисобдан ечиб олинган тўлов ЭКОИҲнинг икки бараваридан ошмаслиги керак.