Ўзбек милиционерлари етимларнинг бошини силади

Болажонларга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан янги йил совғалари туҳфа этилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 дек - Sputnik. Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан Гулистон шаҳар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган фарзандлари учун Тошкент шаҳрида янги йил байрами тадбирлари уюштирилди.

Генерал-майор Қурбонов: Милиция - энг олижаноб касб!

Болажонлар даставвал Мустақиллик шоҳ кўчасида ўрнатилган Янги йил арчасига олиб борилди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.

Бу ерда ўрнатилган катта саҳнада шодон куй-қўшиқлар янгради, Қорбобо, Қорқиз ва эртак қаҳрамонлари иштирокида эзгуликнинг ёвузлик устидан ғолиб келиши ҳақида ҳикоя қилувчи саҳналаштирилган байрам томошалари кичкинтойларга олам-олам завқ бағишлади. 

Шундан сўнг, болалар учун байрам дастурхони ташкил этилди. Тушликдан сўнг болажонлар "Ашхобод" сайилгоҳида бўлиб, турли аттракционларда мириқиб дам олди. "Халқлар дўстлиги" саройида болажонлар учун театрлаштирилган томоша намойиш этилди. 

Ўзбек милиционерлари етимларнинг бошини силади

Байрам тадбири сўнггида болажонларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан янги йил совғалари туҳфа этилди.