Мирзиёев Янги йил табригида нималар ҳақида гапирди?

Айни дамда Ўзбекистон диёрида Янги 2019-йил мушакбозликлар билан қарши олинмоқда. Президент соат 24.00га бонг уриши арафасида Ўзбекистон халқини кириб келаётган Янги йил билан табриклади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 янв - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз халқига Янги йил табригини йўллади.

Президент барчага улуғ бойлик бўлган оилавий бахт ва саломатлик тилади.

2018 йилда барча соҳаларда Ўзбекистон халқининг фидокорона меҳнати эвазига катта ўзгаришлар амалга оширилганини таъкидлади.

Россия элчиси: Ўзбекистон раҳбарияти 2019-йилга яхши ном танлади

"Замонавий корхоналар, уй-жойлар, йўллар, кўприклар қурилди. Таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари барпо этилди. Хорижий давлатлар, аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик янада кучаймоқда. Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш учун салмоқли ишлар қилинди. Бунинг натижасини бугун ҳар бир инсон ва оила, ҳар бир жамоа ўз мисолида кўрмоқда. Энг муҳими, одамларимизнинг эртанги кунга ишончи ортмоқда", - деди президент.

Шунингдек, давлат раҳбари 2019 йилга Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили тараққиёт учун чексиз имкониятлар эшигини очишини қайд этди.

"Ижтимоий ривожланиш эса халқимиз турмуш даражаси ва сифатини кескин оширишга хизмат қилади. Биз юртимизда тинчлик ва осойишталикни, миллатлар ва фуқаролар ўртасида тотувликни таъминлашга устувор аҳамият қаратамиз. Халқ билан мулоқотни юқори босқичга олиб чиқамиз.  

Тадбиркорлик ва хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш ишларини давом эттирамиз. Диёримизни янада обод ва кўркам қилиш асосий вазифамиз бўлиб қолади. Эҳтиёжманд оилалар ва ёрдамга муҳтож инсонларни ҳимоя қилишга, аҳоли даромадларини оширишга эътиборни янада кучайтирамиз.  

Муҳтарам фахрийлар, опа-сингилларимиз ва ёшларимизга ғамхўрлик кўрсатиш доимо диққатимиз марказида бўлади.

Ушбу файзли оқшомда барча давлат ва халқларга, хорижий дўстларимиз, ҳамкорларимизга эзгу тилакларимизни йўллаймиз", - деди Мирзиёев.

Президент ўзбек халқининг барча орзу-ниятлари ушалишини, фарзандлар, набиралар бахту камолини кўришликни, гўзал ва бетакрор юрт тинч-осойишта, олижаноб, бағрикенг халқ ҳамиша омон бўлишини истаб тилак билдирди.