Қирғизистон аёлларга кичик ёшдаги фарзандларини ташлаб четга кетишни таъқиқламоқда

Ота-оналарнинг масъулиятсизлигига қарши кураш воситаси сифатида амалдаги қонунчиликка ўзгартишларни киритиш режалаштирилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. Агар Қирғизистонда қонунчиликка киритилган ўзгартишлар кучга кирса, ота-оналар уч ёшгача бўлган фарзандларини уч ойдан ортиқ муддатга ташлаб кета олмайдилар, деб таъкидлади "Ҳуқуқ маркази" жамоатчилик фонди директори Гулнора Шейшекеева.

Тошкентда фарзандини сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди

Шейшекеева Sputnik Қирғизистон мультимедиа матбуот-марказида "Қирғизистондаги мигрантларнинг фарзандларини қандай ҳимоя қилиш мумкин" мавзусида ўтказилган доира суҳбатида чиқиш қилди.

Шейшекееванинг сўзларига кўра, агар ота-оналар чет давлатга пул топиш илинжида чиқиб кетсалар, улар ишончнома имзолашлари керак бўлади. Ушбу ҳужжатнинг амал қилиш муддати аниқ белгиланади.

"Уч ёшгача бўлган болага ишончнома муддати 3 ойгача, каттароқ ёшдаги болаларга - ярим йилгача этиб муддат белгилашни мўлжалламоқдамиз", - деб қайд этган аёл.

Режага мувофиқ, ишончнома муддатини масофадан туриб узайтириш мумкин. Агар ота-оналар чет элда узоқ қолиб кетадиган бўлса, шу билан бирга уларда ўз фарзандларини бирга олиб кетишга имконият бўлмаса, болаларни бошқа оилага доимий васийликка топшириш керак бўлади.