ТОШКЕНТ, 15 дек - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг энг муҳим инвестицион лойиҳаларидан бири бўлган "Uzbekistan GTL" лойиҳасини амалга ошириш доирасида умумий қиймати 2,3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги молиялаштириш ҳужжатларини имзолаш маросими ўтказилди.
Ушбу маросимда Хитой Тараққиёт банки, Корея Экспорт-импорт банки, Корея Савдо ва Суғурталаш корпорацияси, "Газпромбанк" акциядорлик жамияти, Экспорт кредитлари ва инвестициялари суғуртаси бўйича Россия агентлиги, Gredit Suisse" Швейцария банки, Япониянинг Mufc, Smbc ва Mizuho банклари, Россия, Корея элчихоналарининг вакиллари, "Ўзбекнефтегаз" АЖ, Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт фонди раҳбарияти ва бошқалар иштирок этишди.
2,3 миллиард долларнинг 1 миллиардини Хитой томони, 600 миллион доллардан ортиғини Жанубий Корея ва 700 миллионга яқинини бошқа кредиторлар ажратишмоқда.
"Ҳозирги кунда Ўзбекистон ўз олдига иқтисодий ривожланиш бўйича янги мақсад ва вазифаларни қўйяпти. Uzbekistan GTL каби замонавий корхонани қурилиши Ўзбекистоннинг бошланган иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришга бўлган қатъиятининг ёрқин тасдиғидир", - деб таъкидлади ўз табрик нутқида "Ўзбекнефтегаз" АЖ Бошқарув раиси Баҳром Ашрафхонов.
Лойиҳанинг бош пудратчиси Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ва Сингапурнинг Hyundai Engineering and Construction ва Enter Engineering компаниялари консорциумидир.
Тадбирда молиялаштириш институтлари, Uzbekistan GTL лойиҳа корхонаси ва "Ўзбекнефтегаз" АЖ вакиллари кредит ва молиявий ҳужжатларни имзолаш маросимини ўтказдилар.
Имзолаш маросимидан сўнг лойиҳа учун шампан виноси тўлдирилган қадаҳлар кўтарилди.
Бугунга келиб, заводнинг "калити билан топшириш" қурилиш контрактининг умумий амалга ошириш жараёни 65%ни ташкил этади. Заводнинг Қашқадарё вилоятидаги қурилиш майдонида қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Ҳозирда қурилиш майдонида 5 мингдан зиёд ишчи ва мутахассислар, шу жумладан чет эллик мутахассислар жалб қилинган ҳамда 500га яқин қурилиш, махсус ва оғир йирик ўлчамли техника сафарбар қилинган.
Ғузор туманида қурилаётган GTL заводи "Евро-5" стандартларига жавоб берадиган 1,5 млн. тоннадан ортиқ юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаради.
Лойиҳани амалга ошириш табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватини кенгайтириш, углеводород ҳом ашёси импортини қисқартириш, юқори сифатли ва экологик тоза ёқилғига ички эҳтиёжни қоплаш ҳамда бозорни маҳаллий ҳом ашёдан ишлаб чиқарилган стратегик маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради.