Ўзбекистонда маст ҳайдовчилар алкотестер ёрдамида фош этилади

Ҳайдовчи бир ҳолатда тўғри тура олмаса, нутқи бузилганлиги ёки юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги сезилса, бу текширув ўтказишга асос бўлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 дек - Sputnik. Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг маст ҳолатда эканлиги алкотестер ёрдамида аниқланади. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" каналида хабар берилди.

Қоидабузарлик қилган ҳайдовчи пора бериш вақти қўлга олинди

"Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом 2018 йил 14 декабрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди", - дейилади хабарда.

Ҳужжатга мувофиқ, ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ички ишлар органининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) ходимлари томонидан амалга оширилади.

Ҳайдовчиларнинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича текширув алкотестер (ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита) ёрдамида амалга оширилади.

Хабарда айтилишича, ҳайдовчи бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши); нутқи бузилганлиги, қўл бармоқларининг қалтираши, юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда эканлигини аниқлаш учун текширув ўтказишга асос бўлади.