"Мой нархи ошмайди": молия вазири пахта ёғига акциз солиғи бекор бўлишини айтди

Деҳқонга шу вақтгача унинг ҳаққини тўлиқ бермаганмизда, мойидан ҳам акциз солиғи олганмиз, деди Сенатдаги чиқиши вақтида Ўзбекистон Молия вазири Жамшид Қўчқоров
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 дек - Sputnik. Ўзбекистон Молия вазирлиги пахта ёғига солинадиган акциз солиғидан воз кечишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 17-ялпи мажлисида мамлакат Молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Ўзбекистонга импорт қилинадиган гўшт, ун, ем-хашак нархлари арзон бўлади - президент қарори

"Инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда, нархлар кескин ошиб кетишини олдини олиш ва ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида, пахта ёғига акциз солиғини бекор қилиш таклиф қилинаяпти. Пахта ёғи республикадаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири бўлганлиги сабабли акциз солиғининг бекор қилиниши унинг нархи кескин ошиб кетишини олдини олишга хизмат қилади", - деб таъкидлади вазир.

Қўчқоров Ўзбекистонда йиллар давомида пахта мойига акциз солиғи солиб келинганлигини қайд этар экан, "деҳқонга шу вақтгача унинг ҳаққини тўлиқ бермаганмизда, мойиданам акциз солиғи олганмиз", деди.

Вазирга кўра, ўтган йил президент Мирзиёев қарори билан акциз солиғи бирданига икки баробар қисқартирилган бўлса, эндиликда вазирлик 2019 йилдан озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳеч қандай акциз солиқ олинмасин, деган топшириқ ижросини таъминлашни ўз бўйнига олган.

Қўчқоров ўсимлик ёғига акциз солиғи келгуси йилдан бекор қилиниши билан бир вақтда чигитнинг нархи кескин оширилишини қўшимча қилди.