Намунали аскар: 300 ҳарбий тревога вақтидаги жанговар шайлиги учун мукофотланди

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилга қадар Ўзбекистон армиясида бу каби  кенг кўламли тўсатдан текширув ўтказилмаган. Ушбу ўқув машғулотларида Мудофаа вазирлигининг барча қўшин турлари иштирок этди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 дек - Sputnik. 300 нафардан зиёд ҳарбий хизматчилар тўсатдан текширувларни муваффақиятли ўтказгани учун мукофотланди, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати.

Мирзиёев нега қўққисдан ҳарбий тревога эълон қилди?

28 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳарбий округидаги "Чирчиқ” дала-ўқув майдонида Қуролли Кучларимиз асосини ташкил этаётган Мудофаа вазирлиги қўшинларининг ўқув-жанговар машғулотларини кузатди.

Профессионаллиги билан алоҳида намуна кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни эсдалик совғалари билан мукофотлади.

"Тўсатдан текширувларнинг якунлари бўйича Ўзбекистон мудофаа вазирининг буйруғи билан қўшинлар тезкорлиги, жанговар шайлиги ҳамда ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, хусусан комплекс машғулотларда алоҳида намуна кўрсатган 300 нафардан зиёд ҳарбий қисм ва муассасаларнинг ҳарбий хизматчилари "Намунали хизмати учун" кўкрак нишонлари, пул мукофотлари, эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди", - дейилади хабарда.

Жумладан,“Чирчиқ” дала ўқув майдонида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов 8 декабрь – Конституция куни арафасида Тошкент ҳарбий округи ҳарбий хизматчиларига мукофотларни тантанали тарзда топширди.

Эслатиб ўтамиз, 26-30 ноябрь кунлари Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига мувофиқ Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини текшириш учун комплекс ўқув машғулотларибўлиб ўтган эди. 2018 йилга қадар Ўзбекистон армиясида бу каби  кенг кўламли тўсатдан текширув ўтказилмаган. Ушбу ўқув машғулотларида Мудофаа вазирлигининг барча қўшин турлари иштирок этди.