Ўзбекистонда аёллар учун иш вақтини қисқартириш таклиф қилинди

Депутат Алишер Қодиров фикрига кўра, аёлларнинг иш вақти соат 16.00 да тугатилиши керак.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 дек – Sputnik. Ўзбекистон  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Алишер Қодиров аёллар иш вақтини қисқартириш ташаббуси билан чиқди, ЎзА хабарига асосан.

"Аёлларнинг иш вақти соат 16.00 да тугатилиши керак. Шунда аёл фарзандлари ва умр йўлдоши учун вақт ажратади. Бу эса ўз ўрнида оиладаги эр-хотин, она-бола муносабатларида ижобий муҳитни юзага келтиради”, - дейди депутат.

Депутат сўзларига кўра, аёллар оиласи билан етарлича вақт ўтказа олмаслиги, оила бузилишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон аёллари ишлаши мумкин бўлган касблар рўйхати қайта кўриб чиқилмоқда
"Бугун оиланинг пойдевори ҳисобланган аёлларнинг салмоқли қисми фаол, меҳнат шартномаси билан корхона ва ташкилотларга боғланган. Улар иш вақти якунланмасидан оиласига қайтолмайди. Оилада она бўлмаслиги оила пойдеворини дарз кетишига олиб келади", - дейди депутат. 

Депутат айтишига кўра, болалар мактабдан қайтиб, уларга “туҳфа қилинган” эркинликдан билганларидек фойдаланадилар. Ота билан деярли бир пайтда келган она ҳам дам олишга бирдек ҳақли. Муносабатлар инқирози секин-аста оиланинг инқирозига олиб келади. Бугунги кунда 55 фоиз оилаларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда, деб қўшимча қилди Алишер Қодиров.