ТОШКЕНТ, 3 дек – Sputnik. АҚШнинг Афғонистонда миллий ярашув жараёни бўйича махсус вакили Залмай Халилзад 2-20 декабрь кунлари бир неча давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга ҳам ташриф буюради, деб хабар қилмоқда АҚШ давлат департаменти.
“Афғонистонда миллий ярашув жараёни бўйича махсус вакили элчи Залмай Халилзад Покистон, Афғонистон, Россия, Ўзбекистон, Туркманистон, Бельгия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарга идоралараро делегация билан 2-20 декабр кунлари ташриф буюради”, - дейилган хабарда.
Тошкентга ташрифнинг аниқ санаси айтилмаган, аммо Халилзад сафар давомида Афғонистон ҳукумати вакиллари ва бошқа манфаатдор томонлар билан Афғонистондаги тинчлик жараёнини йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилиш учун учрашади.
28 нобярь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Женева шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этган эди.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласи Ўзбекистон ташқи сиёсатининг фаол йўналишларидан бирига айланган. Бундай бўлишига қатор ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий жиддий сабаблар мавжуд. Тошкентда охирги йил давомида Афғонистонда тинчлик ўрнатишга бағишланган бир неча халқаро анжуманлар бўлиб ўтди. Улардан энг муҳимларидан бири - ноябр ойида Афғонистон тинчлик ўрнатиш бўйича Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон иштирокида уч томонлама комиссиянинг тузилиши бўлди. Халқаро экспертлар фикрига кўра ушбу комиссия Афғонистонда тинчлик ўрнатишда муҳим рол ўйнаши керак.