ТОШКЕНТ, 1 дек - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Грузиянинг янги президенти Саломе Зурабишвилига табрик телеграммасини йўллади.
"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни Саломе Зурабишвилини Грузия Президенти лавозимига сайлангани билан табриклади", - дейилади Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабарида.
Грузия Марказий сайлов комиссияси 28 ноябр куни ўтказилган иккинчи тур президент сайловларига доир маълумотларни эълон қилди: "Грузинская мечта" партияси томонидан қўллаб-қувватланаётган мустақил номзод Саломе Зурабишвили 59,52% овоз, Григол Вашадзе эса — 40,48% овоз олишга муваффақ бўлган.
Сал олдин Зурабишвили президент сифатида илк чет эл сафарини Европага амалга ошириши маълум қилинган эди.
Грузиянинг янги сайланган президенти оддий давлат раҳбари бўлишни хоҳлашини айтишга улгурди. Аёл президентнинг таъкидига кўра, у қаҳва ичиб, кўчаларда сайр қиладиган ва жамиятнинг ажралмас бир қисми бўладиган давлат раҳбари бўлишни истайди.