ТОШКЕНТ, 26 ноя - Sputnik. Бутун Ўзбекистон бўйлаб аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича "Зўравонликка қарши 16 фаол кун" кампанияси старт олди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
25 ноябрь дунёнинг кўплаб давлатларида аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида нишонланади. Бунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ташкил этилган ушбу акция ўтказиладиган давлатларда аёлларга нисбатан зўравонлик масалаларига эътиборни жалб қилиш бўйича фаол 16 кунга старт берилади. Ўзбекистонда ҳам илк бор бу тадбир ўтказилди.
Ушбу кампания аёлларга нисбатан зўравонлик инсон ҳуқуқларига зид ҳаракат эканини ифодаловчи фикр билан рамзий боғланган икки воқеа 25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш кунида бошланиб, 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида якунига етади.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева акция муносабати билан ташкил этилган доира суҳбати давомида, бугунги кунда аёлларга нисбатан зўравонлик мавзуси катта эътибор талаб этишини маълум қилди.
«Ахборот-коммуникация технологиялари тараққий этиши ва глобализация туфайли бугунги кунда зўравонликнинг янги тури- сизу-биз гувоҳи бўлиб келаётган виртуал зўравонлик пайдо бўлди. Интернет тармоқларида ҳақорат ва шилқимлик қилиш ҳолатлари кенг тарқалмоқда. Бунда аёллар бу ҳақоратлар ва шилқимликлар марказида қолмоқда", - деди Норбоева.
Ўзбекистон ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси раҳбари Исломиддин Холиқов доира суҳбати давомида Ички ишлар органлари президент топшириғи билан маиший зўравонлик ҳолатлари кўп кузатиладиган носоғлом оилалар билан ишлар олиб бораётганини маълум қилди.
Холиқовнинг айтишича, республикада содир этилаётган энг оғир турдаги жиноятларнинг 40%га яқини оилавий-маиший характерга эга. Мисол учун, қайд этилган 369 жиноятнинг 144таси оила даврасида содир этилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ноябрь ойи ўртасидан "Турмуш ойлиги"ни эълон қилган. Акция 15 декабрга қадар давом этади. Бу вақт оралиғида ички ишлар органлари ҳар куни ўз таҳлилларини олиб борадилар.
"Акциянинг биринчи ўн кунида шу ҳолат аниқландики, содир этилган 10та қотилликнинг 4тасига оила даврасида қўл урилган. 25та ўта оғир турдаги тан жароҳатининг 5таси ҳам оила даврасида етказилган. Бу рақамлар биз оилалар билан янада яқиндан иш олиб боришимиз кераклигини кўрсатмоқда. Бу борада ишларимизни тизимли равишда амалга оширишимиз зарур", - деди Халиков.
ИИВ вакили шунингдек, тузилма олдига маиший зўравонлик қурбонлари ягона базасини яратиш топшириғи қўйилгани ҳақида айтиб ўтди.
"Ҳозирда маиший зўравонлик ҳақида қонун қабул қилинишини кутмоқдамиз. Нега деганда, маиший зўравонлик тушунчасига нималар киришини билмай туриб, унинг қурбонларини аниқлашнинг иложи йўқ", - деди Халиков.