Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда юз берган ЙТҲ бўйича маълумот берди

Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, Қизилўрдада ЙТҲга учраган автобус йўловчилари яқин вақт ичида Ўзбекистонга олиб келинади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 ноя  — Sputnik. Ўзбекистон ТИВ Қозоғистоннинг Қизилўрда области ҳудудида салонида ўзбекистонликлар бўлган автобус билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида маълумот берди.

Қозоғистонда 36 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилиб кетди

Консуллик-ҳуқуқий департаменти маълумотига кўра, 22 ноябрь куни соат 20:40да Самара-Чимкент йўлида “Vanhol” русумли автобус билан йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Автобус ҳайдовчиси, Қозоғистон фуқароси С.Болтабоев музламада бошқарувни йўқотиши оқибатида автобус ағдарилиб кетган. 

Қизилўрда области Ички ишлар департаменти Аральск райони ИИБ маълумот беришича, автобусда 36 киши бўлиб, шундан 34 нафари Ўзбекистон ва икки нафари Қозоғистон фуқаролари бўлган.

1986 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Зокир Рўзимуратович Аҳроров олган жароҳатлари сабабли Аральск райони шифохонасида вафот этган.

Ўзбекистон фуқаролари О.Абдукаримов, И.Маъмуров, А.Самибоев, Н.Асқаров, Р.Махмаризаев, К.Мамадалиев, Р.Тўрабоев енгил даражада тан жароҳати олган ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Ўзбекистоннинг қолган фуқаролари “Саяхат” меҳмонхонасига жойлаштирилган.

“Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ва Алмати шаҳридаги Бош консуллиги жабрланганларга зарур ёрдамни кўрсатмоқда. Қолган барча Ўзбекистон фуқаролари ЙТҲ бўйича расмийлаштириш ишлари якунланганидан сўнг яқин вақт ичида автобусда Ўзбекистон чегарасига олиб келинади”, - дейилган ТИВ хабарида.