Экспертлар Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг хавфсиз давлат деб тан олишди

Ўзбекистон интерактив харитада сариқ рангда кўрсатилган. Бу жаҳон бўйича ўрта, Марказий Осиёда эса паст хавф даражасини билдиради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 ноя – Sputnik. International SOS ва Control Risks халқаро компаниялар экспертлари Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги ишлаш ва саёҳат қилиш учун энг хавфсиз давлат деб тан олишди. Маълумотлар интерактив харитада келтирилган.

Ўзбекистон medium (ўрта) хавфни ифодаловчи сариқ рангда белгиланган. Ушбу ранг жаҳон бўйича ўрта, Марказий Осиё давлатлари орасида эса бошқа давлатларга қараганда паст хавф даражасини ифодалайди.

"Хавфсиз шаҳар" концепцияси энди Самарқандда ҳам жорий этилмоқда

Рейтинг соғлиқ билан боғлиқ бўлган – юқумли касалликлар хавфлари, тиббий ёрдамнинг сифати ҳамда умумий хавфсизлик – жиноятчилик даражаси, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи орган ва фавқулодда вазиятлар хизматининг самарадорлигини баҳолаган.

Юқори даражадаги хавф Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош туманлари ва Қирғизистоннинг жанубида қайд этилган. Афғонистон - минтақанинг энг хавфли давлати деб кўрсатилган.

International SOS – бу дунёдаги энг йирик тиббиёт ва туристлик хизматларидан бири ҳисобланади, бу компания жаҳоннинг 92 та давлатларида фаолият юритади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Lonely Planetнинг “Осиёнинг саргузаштлар учун энг яхши жойлари” рейтингига киритилганди.