ТОШКЕНТ, 16 ноя – Sputnik. Тошкент - Мумбай рейсидаги самолёт йўловчилардан бирининг аҳволи ёмонлашиши туфайли Самарқанд шаҳрига фавқулодда қўнди, деб хабар қилди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, трапда йўловчини тез ёрдам машинаси кутиб турган, унда у вилоят марказидаги касалхоналардан бирига олиб кетилди.
HY-427 Тошкент-Мумбай йўналишидаги рейс соат 00:05да Тошкент аэропортидан парвоз қилган. Орадан кўп ўтмай, самолёт Афғонистон ҳудуди узра бўлганида, йўловчи ўзини ёмон ҳис қила бошлаган.
Йўловчининг аҳволини ёмонлашгани сабабли экипаж шошилинч равишда ортга қайтиш ва йўловчини йирик шаҳарлардан биридаги энг яқин аэропортга етказишга қарор қилди.
Самарқанд яқинлиги ва йўловчини қабул қилиши мумкин бўлган йирик тиббий муассасаларга эгалиги юзасидан энг оптимал вариантга айланди.
Йўловчи юрак хуружи билан касалхонага ётқизилгандан сўнг, самолёт парвозни давом эттирган ва Мумбайга бироз кечикиш билан 6:15да етиб борган.