ТОШКЕНТ, 16 ноя - Sputnik. Россия Мигрантлар федерацияси FMR Fighting Championship кўп миллатли профессионал кураш лигасини ташкил қилади ва биринчи турнирни Москвада ноябрь ойи охирида ўтказишни режалаштирмоқда.
Томошабинларни Озарбайжон, Афғонистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Грузия, Арманистон, Россия, Қирғизистон давлатлари 26 та курашчиларининг 13 та жанги кутмоқда.
Курашчилар 7 та турли вазн тоифасида куч беллашишади: 57 кг, 61 кг, 66 кг, 70 кг, 75 кг, 77 кг ва 90 кг.
FMR Fighting Championship турнири шаҳар ҳукумати, Россиядаги миллий диаспора ва хорижий давлат элчихоналари вакиллари кўмагида бўлиб ўтади.
Аралаш жанг санъати – ММА (Mixed Martial Arts) - ўзида яккакурашларнинг кўплаб техника, мактаб ва йўналишларини мужассамлаштирган жанговар санъатдир. ММА ўзида ҳам яккакураш зарбалари техникасини (бокс, кикбоксинг, карате ва бошқалар), ҳам кураш техникасини (самбо, дзюдо, бразилча джиу-джитсу, классика ва эркин кураш ва бошқалар) ўзида мужассамлаштирган.
Россия Спорт вазирлиги 2012 йил 26 сентябрда расман ММАни мустақил спорт тури сифатида тан олган.