ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. Тошкентда Ўзбекистон-Япония тиббий информацион маркази очилади. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Лойиҳанинг қиймати 100 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Ушбу марказ қурилиши Ўзбекистон президентнинг 2015 йилнинг 02 феврали ҳамда 02 ноябрда имзоланган қарорларида кўзда тутилган.
Шаҳар маъмурияти ва Япония ОМЕТА (Overseas Medical Equipment Technical Assistants) ташкилоти вакиллари Ўзбекистон Республикаси инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан ҳамкорлик тўғрисидаги баёнотни муҳокама қилишган. Келажакда ишчи гуруҳлар ташкил қилиш режалаштирилган.
ОМЕТА уюшмаси 138 та компанияни ўз ичига олади, ушбу компанияларнинг 128 таси тиббий асбоб-ускуна ишлаб чиқаради. Ташкилот турли давлатларнинг тиббий муассасалари ривожланишини қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон айни дамда соғлиқни сақлаш даражасини кўтаришга учун жадал ҳаракатлар қилмоқда, жумладан хорижий тажрибадан ҳам фойдаланмоқда. Масалан, Наманганда Жанубий Корея кўмагида янги тиббий марказ қурилмоқда. Ушбу марказ “Вилоят тиббий диагностика маркази” асосида очилади.