Ўзбекистонда психиатр шифокорлар етишмаётганлиги танқид остига олинди

Иш ҳақининг пастлиги, шифокорларнинг соғлиғи ва ҳаёти ижтимоий суғурталанмаганлиги сабабли кўплаб кадрлар, айниқса ёшлар ишдан бўшаб, хусусий клиникаларга ўтиб кетмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 окт - Sputnik. 2018 йил 26 октябрь куни Олий Мажлиси Сенатида Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги калтакланган шифокор воқеасига муносабат билдирди

Мажлисда психиатрия муассасаларида амалга оширилаётган ишларнинг натижалари муҳокама этилди.

Республикада 25 та психиатрия муассасаси фаолият юритмоқда. Энг долзарб муаммолардан бири сифатида жойларда психиатр шифокорларининг етишмаслиги ҳамда психиатрия муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш ишлари суст олиб борилаётганлигидир.

Ўрганиш кўрсатишича, иш ҳақининг пастлиги, шифокорларнинг соғлиғи ва ҳаёти ижтимоий суғурталанмаганлиги сабабли кўплаб кадрлар, айниқса ёшлар ишдан бўшаб, хусусий клиникаларга ўтиб кетмоқда.

2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида республика бўйича 74 нафар мутахассис, шу жумладан уларнинг 16 нафари олий таълим муассасалари битирувчилари соҳада ишлашни бошлаган бўлса, ярим йилликнинг охирига келиб уларнинг 89 фоизи, яъни 66 нафари соҳани тарк этган.  

Тошкентда камчиликларга йўл қўйган бош шифокор ишдан бўшатилди

Соҳа учун муҳим бўлган мутахассислар – суицидолог ва психиатрияга алоқадор бошқа тор ихтисосликлар бўйича шифокорлар етишмаётганлиги кескин танқид остига олинди.  

Бу борада тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг дастурларини қайта кўриб чиқиш, кадрлар сонини кўпайтириш, ёш малакали мутахассисларни рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.