ТОШКЕНТ, 26 окт - Sputnik. Республика аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ 2019 йил 1 январдан ички истеъмол бозорининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси озиқ-овқат ресурсларини ишлаб чиқариш ва ишлатишнинг прогноз кўрсаткичлари орқали баҳолаш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, қарор билан 2018-2019 йиллар қиш ва баҳор мавсумига:
- асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғаришнинг умумий прогноз ҳажмлари ва тайёрлов ташкилотлари бўйича прогноз ҳажмлари;
- “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси ҳудудий ташкилотларининг, ҳудудий тайёрлов ташкилотларининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш прогноз ҳажмлари;
- соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари томонидан асосий турдаги қишлоқ хўжалиги махсулотларини захирага жамғариш прогноз ҳажмлари;
- асосий турдаги қишлок хўжалиги маҳсулотларини (картошка, пиёз, сабзи, гуруч) захирага жамғаришнинг режа жадвали тасдиқланди.
Хусусан, аҳолини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 2018-2019 йиллар қиш ва баҳор мавсумига 222 минг 409 тонна картошка, 120 минг 676 тонна пиёз, 91 минг 617 тонна сабзи, 66 минг 475 тонна гуруч захира қилиб қўйилади.