ТОШКЕНТ, 25 окт - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда олий таълим муассасаларининг нуфузи, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти халқаро илмий ҳамжамиятда муносиб ўринга эга эмаслиги қайд этилди.
Таълим жараёнига дунёда тан олинган фан арбоблари, юқори малакали профессор-ўқитувчиларни жалб этиш яхши йўлга қўйилмагани танқид қилинди.
Ректор ва проректорларни тайинлашда профессор-ўқитувчиларнинг фикри ўрганилмаётгани оқибатида янги тайинланган раҳбарнинг жамоа билан ишлаш самарадорлиги етарлича бўлмаяпти.
Илм-фанни ривожлантириш, тадқиқотларни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш, илмий фаолият натижадорлигини ошириш, иқтидорли талабалар илмий изланишлар олиб бориши учун зарур шароитлар яратилмаган.
Таълим жараёнига инновацион методикаларни жорий этиш, ўқув дастурларининг ишлаб чиқариш билан ҳамоҳанглигини таъминлаш ва энг асосийси, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ишлари умуман қониқарсиз аҳволда.
Олий таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш, уларни аттестациядан ўтказиб, аккредитациялаш, ҳужжатларни нострификация қилиш тартиблари бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди.
“Иқтисодиёт шиддат билан ривожланаётган бир пайтда олий таълим тизими тараққиётнинг локомотиви бўлиш ўрнига, замон билан ҳамқадам бўлмаётгани ачинарлидир. Меҳнат бозоридаги таркибий ўзгаришларга жавоб берадиган, ёшларимизга касб-ҳунар ўргатадиган, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантирадиган тизим йўқ десак, бу ҳам аччиқ ҳақиқат,” – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис соҳадаги кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни бажариш юзасидан топшириқлар берилди.
Талабалар қабулининг соддалашган тизимини жорий этиш орқали қабул жараёнини квота тизимидан давлат буюртмаси ва табақалашган тўлов-контракт тизимига ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Олий таълим муассасаларининг халқаро нуфузини ошириш, педагог кадрларнинг илмий-педагогик фаолиятини муносиб рағбатлантириш мақсадида марказлашган молиялаштиришдан ўз-ўзини молиялаштириш ва иқтисодий мустақил тизимга ўтиш вазифаси қўйилди.
Ректорлар ва проректорларни тайинлашни соддалаштириш, профессор-ўқитувчилар фаолиятини доимий баҳолаш, манзилли рағбатлантириш, масъулият ва жавобгарлигини ошириш тизимини яратиш лозимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ректорлар кенгаши фаолиятини ҳам тубдан такомиллаштириш вақти келгани таъкидланди. Ректорлар малакасини баҳолаш, бунда уларнинг маънавий-маърифий ва илмий салоҳиятига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Давлат раҳбари таълимдаги энг асосий вазифа талабалар билимини баҳолаш, ўқув дастурлари ҳамда мавжуд таълим-тарбия тизимини такомиллаштиришдан иборат эканини таъкидлади.
Хорижда таҳсил олаётган ёшларнинг Ўзбекистонга қайтиб келишига шароит яратиш мақсадида хорижий олий таълим муассасалари дипломларини тан олиш ва нострификация қилиш тартибини янада соддалаштириш, олий таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш жараёнини такомиллаштиришга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифаси юклатилди.
Йиғилишда Ўзбекистон – Россия таълим форуми натижаларига ҳам эътибор қаратилди.
Маълумки, ушбу форум якунида россиялик ҳамкорлар билан таълим ва илмий фаолиятга оид 114 та шартнома ва битимлар имзоланган. Жумладан, Ўзбекистонда Россиянинг 6 та нуфузли олий таълим муассасаси филиали ва 2 та факультет очилиши, 52 та қўшма таълим дастури жорий этилиши назарда тутилган. Ҳар бир келишув бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқилган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур “йўл харита”ларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ҳар бир филиал, факультет ва қўшма дастурлар бўйича тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалий ижросини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Ташкил этилаётган ушбу факультетларни филиалга айлантириш чораларини кўриш истиқболдаги вазифалардир.
Йиғилишда илм-фанни ривожлантиришга қаратилган келишувлар асосида профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳиятини мустаҳкамлаш, малакасини ошириш, олий таълим тизимига илмий-технологик ишланмалар ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Президент келаси йил Россияда ўтадиган навбатдаги форумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ҳозирдан аниқ режалар белгилаб олиш зарурлигини таъкидлади.