Сурхондарёда Россия буғдойи қайта ишланиб Афғонистонга экспорт қилинади

Сурхондарё вилоятида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича жами 390,8 млн. долларлик 14 та шартнома имзоланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 окт – Sputnik. Тошкентда 18-19 октябрь куни бўлиб ўтган “Россия – Ўзбекистон ҳудудлараро ҳамкорлик” бизнес форумида доирасида Сурхондарё ва Новосибирск вилояти орасида бир неча шартномалар имзоланди, деб хабар қилмоқда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Хусусан, “ТХ Сибирский Гигант” МЧЖ билан Россия буғдойини “SURXON IMPORT EKSPORT AGRO” МЧЖда қайта ишлаган ҳолда Афғонистонга экспорт қилиш бўйича ўзаро келишувга эришилди”, - дейилган хабарда.

Ундан ташқари форум доирасида, Сурхондарё вилоятида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича жами 390,8 млн. долларлик 14 та шартнома имзоланди. Улар доирасида келгусида 2 та улгуржи-таъминот маркази, 1 та савдо уйини ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Россия тўқимачилик соҳасида чегарасиз ҳамкорликни йўлга қўяди

Хабарда айтилишига кўра, форумдан сўнг “ТХ Сибирский Гигант” МЧЖ директори Александр Манцуров бошчилигидаги бир гуруҳ россиялик ишбилармонлар Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Ташриф давомида улар Термиз туманидаги “Марварид” дам олиш маскани, “Gold Agro Fresh” агрофирмасидаги иссиқхона мажмуаси, “Gold Dreid Fruits” МЧЖнинг мева-сабзавотни қайта ишлаш ва сақлаш фаолияти, “Termez Cargo Centre” МЧЖ томонидан ташкил этилган Халқаро логистика маркази ҳамда Шеробод туманида ташкил этилган анорзорлар билан яқиндан танишишган.