Тезкор текширувдан сўнг яна бир автосалон раҳбари ишдан олинди

“Фарғона Автосавдо” дилерлик маркази раҳбари вазифасидан озод этилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 окт – Sputnik. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан келиб тушган тезкор маълумотлар асосида “Фарғона Автосавдо” МЧЖ дилерлик марказига оператив текширув юборилди, деб хабар қилди “Ўзавтосаноат” АЖ матбуот хизмати.

Коррупция ва “антисанитария”: GM Uzbekistan яна бир автосалон билан ишни тўхтатди

Текширув вақтида қуйидаги камчиликлар аниқланди:

- Айрим масъул шахслар томонидан корхона фаолияти бўйича қарорлар қабул қилишда ваколатдан четга чиқиш;

- “GM Uzbekistan”нинг “InfinBank” АТБ билан ўтказилган акцияси доирасида харидорларга велосипед ҳамда 1 млн.сўм чегирма тақдим этилмаганлик ҳолатлари;

- автомобилларни сақлаш омборхонаси компания томонидан қўйилган талабларга жавоб бермаслиги;

- кунлик тарзда янгиланиши лозим бўлган шартнома учун ажратилган автомобиллар тўғрисида ахборот мониторининг ишламаслиги;

- ташриф буюрувчиларни қабул қиладиган ресепшн хизмати стандартларга жавоб бермаслиги, сервис-менеджернинг йўқлиги.

Ўтказилган ишлар натижасида “Фарғона Автосавдо” дилерлик маркази раҳбари вазифасидан озод этилди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш янги тайинланган директор в.б. Ботиржон Акбаров  зиммасига юкланди.

“Ўзавтосаноат” маълум қилишича, ОАВда 73 нафар фуқаронинг пулларини ўзлаштирган “Фарғона автосавдо” автосалони ходимининг ноқонуний ишлари ҳақида маълумот чоп этилган.

Мазкур ҳаракатлар юзасидан жиноий иш қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.