"Осиё айиғи" Мурод Хонтўраевга жазо тайинланди

Судланувчиларга жазо тайинлашда улар истиқомат қилувчи маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тақдим этилган ўз кафиллигига олиш ҳақидаги хатлари инобатга олинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 окт – Sputnik. Жорий йил 12 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида судланувчилар Мурод Хонтўраев, Дониёр Ваҳобов  ва Илҳомжон Парпиевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди, деб хабар қилди UzNews нашри.

Тошкентда ММА жангчиси Мурод Хонтўраев қўлга олинди

Мазкур жиноий иш судья Темур Қосимов раислигида кўриб чиқилган.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, М. Хонтўраевни, Д. Ваҳобовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) 3 қисми “а” банди, И. Парпиевни Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) 1 қисми ва 277-моддаси (“Безорилик”) 2 қисми “а”, “б”, “в” бандларида кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топди.

"Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди М. Хонтўраевга энг кам ойлик иш ҳақининг 94 баробари миқдорида 16 190 560 сўм (172 240 сўм ҳисобида) жарима жазоси, Д. Ваҳобовга 3 йил 8 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси, И. Парпиевга ойлик иш ҳақидан 20 фоиз давлат фойдасига ушлаб қолган холда 2 йил 1 ой 24 кун муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади", - дейилган хабарда.

Судланувчиларга жазо тайинлашда улар истиқомат қилувчи маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тақдим этилган ўз кафиллигига олиш ҳақидаги хатлари инобатга олинди.

Шунингдек, суд томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Эслатиб ўтамиз, 24 июн куни Тошкент шаҳрида таниқли курашчи Мурод Хонтўраевнинг қўлга олинганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Хусусан, Мурод Хонтўраев ва бир қатор шахслар 20 дан 21 июнга ўтар кечаси Юнусобод туманидаги тунги клублардан бирида жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузганлик, тартибсизлик қилгани учун ушланган.