Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО Бош директори билан учрашди

Ўзбекистон ва ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилгача ҳамкорлик дастурини имзолади. 
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Парижда ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан учрашди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

Одри Азуле Шавкат Мирзиёевни ташриф билан самимий қутлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик ривожида ушбу учрашув ғоят муҳимлигини қайд этди. Бош директор Ўзбекистоннинг бутун инсоният бойлиги бўлган маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳолади.

Шавкат Мирзиёев Парижда тантанали кутиб олинди

ЮНЕСКО Бош директори Ўзбекистон Президентининг ушбу ташкилот шафелигида тинчлик ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, экстремизмнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича минтақавий марказ ҳамда Самарқанддаги Туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистонда Марказий Осиё ёш олимлари минтақавий форумини ҳамда 2019 йилда Тошкентда "Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида" мавзуида Осиё форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Учрашув сўнгида Шавкат Мирзиёев ва Одри Азуле  Ўзбекистон билан ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилгача ҳамкорлик дастурини имзоладилар. 

Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди.

Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКО ва Ўзбекистон орасида чамбарчас маданий алоқалар йўлга қўйилган. Халқаро ташкилот билан ҳамкорликда маданий тадбирлар доимий равишда ўтказиб турилади. “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ҳамда Халқаро мақом санъати форуми ана шулар жумласидан.

ЮНЕСКО иштирокида келажак коллежлари масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди

Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуаси, маданиятлар чорраҳаси -  Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, шунингдек, Чотқол биосфераси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. 

Шошмақом, Бойсун маданий макони, Катта ашула, аския, ош, Наврўз, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ташкилотнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган. 

Маълумот учун: БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ЮНЕСКО 1945 йил 16 ноябрда тузилган. Унинг асосий мақсади таълим, фан, маданият, коммуникациялар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир. Бугунги кунда унга 195 та мамлакат аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ташкилотга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.