Эндиликда банклар ҳам микроқарз беради

Банклар эндиликда микроқарз бериш банк операциясини амалга оширадиган бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 окт - Sputnik. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун президент томонидан имзоланди.

Ўзбекистонда яқин орада 100 000 сўмлик муомалага чиқарилмайди - Марказий банк

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, банклар эндиликда микроқарз бериш банк операциясини амалга оширадиган бўлди.

Эндиликда лицензия талаб этадиган фаолият турлари учун лицензиянинг амал қилиши муддати чекланмаган ҳолда берилади. Қонунчиликда лицензиянинг муддати чекланиши мумкин, лекин бу муддат беш йилдан кам бўлмаслиги лозим.

Шунингдек, киритилган ўзгартишларга кўра аэропортлардаги ташиш ишларини бажарувчи ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш, аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш учун лицензия олиш талаб этилмайди.

Марказий банк қайта молиялаш ставкаси 16 %гача ошди

Микромолиявий хизматлар кўрсатиш шартномалари бўйича йиллик қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этадиган суммада фоизлар ҳисоблаш, воситачилик ҳақлари ва неустойка (жарима, пеня) ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш тақиқланади.

Эндиликда божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома талаб этилмайди.

Устав фондида давлат улуши бўлган корхоналар товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга олиб чиқиш учун товарни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асосларини ваколатли орган билан келишиш, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида ваколатли органнинг хулосасини олиш талаби бекор қилинди.

Бундан ташқари божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати бекор қилинди.