ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга давлат ташрифини Тож Маҳалдан бошлади, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
“Бобурийлар мероси бўлган ушбу ёдгорлик ўзбек ва ҳинд халқларининг тарихи муштараклиги, икки мамлакат алоқалари мустаҳкам асосга эга экани ифодасидир,”- дейилган хабарда.
Шавкат Мирзиёев ташрифи чоғида Тож Маҳалда Қуръон тиловат қилинди. Ўзбекистон президенти фахрий меҳмонлар китобида дастхат қолдирди.
Маълумки, Тож Маҳал Бобурийлар сулоласидан бўлган Шоҳ Жаҳон буйруғи билан қурилган. Марказий Осиё, Эрон ва Яқин шарқ мамлакатлари усталари Тож Маҳални 22 йил давомида қуришган. Тож Маҳал ўзбекона нақшлар ва Қуръон суралари билан безатилган.
Тож Маҳал 1983 йилда ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Шунингдек мажмуа, норасмий рейтингда, дунёнинг бориб кўришга арзийдиган етти мўъжизаларидан бири ҳисобланади. Тож Маҳални томоша қилиш учун ҳар йили 5 миллион турист келади.