Пахта мавсуми: мажбурий меҳнатга ундаш бўйича 410та мурожаат келиб тушди

"Афсуски, жойларда ҳолатни ўрганиш пайтида мурожаатчилар турли сабаблар таъсирида ўз шикоятларини қайтариб олаётгани кузатилмоқда. Пахта теримига мажбурий жалб қилиш бўйича тасдиқланмаган ҳолатлар юзасидан қайта текширув ишлари ўтказилмоқда", - дейилади хабарда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 сен - Sputnik. Жорий йил 28 сентябрь куни Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳолати бўйича расмий маълумоти эълон қилинди.

Пахта мавсумида мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар вазирликка мурожаат қилиши мумкин

Вазирликнинг "ишонч телефонига" 10-27 сентябрь оралиғида пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳолати юзасидан жами 410 та мурожаат келиб тушган. Улардан 228 таси Давлат меҳнат инспекцияси инспекторлари томонидан кўриб чиқилди, 26 тасида қонунбузарлик ҳолати тасдиқланган, 202 та мурожаатда пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳолати тасдиқланмаган.

"Афсуски, жойларда ҳолатни ўрганиш пайтида мурожаатчилар турли сабаблар таъсирида ўз шикоятларини қайтариб олаётгани кузатилмоқда. Пахта теримига мажбурий жалб қилиш бўйича тасдиқланмаган ҳолатлар юзасидан қайта текширув ишлари ўтказилмоқда", - дейилади хабарда.

Вазирлик ахборотига кўра, 10 сентябрдан буён 26 та ҳолат бўйича мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Пахта учун пул ва "солиқ" йиғими ҳақида

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистонда пахта терими учун ҳеч қандай пул йиғимлари ва қўшимча солиқлар назарда тутилмаганлигини эслатиб ўтган.

Бу йил 1кг терилган пахта учун неча пул тўланиши маълум бўлди

"Аксинча, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мультимедия маркази ҳамкорлигида пахта теримчилари учун яратилган иқтисодий манфаатдорликни ёритиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Республикадаги меҳнат ресурслари етишмайдиган бешта ҳудудда ўтказиладиган пахта терими тарғиботига бағишланган видеолавҳа @terimuz телеграм каналида жойлаштирилгач, бир куннинг ўзида 1.6 млн.дан ортиқ одамлар томонидан кўрилди. Пахта теримида қатнашиш истагида бўлган барча фуқаролар +998712000602, @terimuzbot телеграм боти, шунингдек, www.terim.uz сайтида маълумот қолдиришлари мумкин", - дейилади вазирлик хабарида. 

Кўнгилли отрядлар ҳақида

Ўзбекистон ҳукумат томонидан аҳолини ихтиёрий пахта теримига рағбатлантириш бўйича турли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири кўнгиллилар орасидан отрядлар тузиш ҳисобланади. Мазкур отряд раҳбарларига пахта мавсуми давомида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари фонди ҳисобидан отряд томонидан терилган 80 тонна пахта учун 1 млн. сўм миқдорида мукофот пули бериш белгиланган. Пахта терими юқори кўрсаткичда амалга оширилган тақдирда мукофот пули ойига 2 млн. дан кўпроққа етиши мумкин.

Мирзиёев пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини кенгайтириш бўйича топшириқлар берди

Ўзбекистонда бу йил пахта теримида ишлаб топилган маблағларга ҳеч қандай солиқ солинмайди, дея эслатган вазирлик.

Таъкидланишича, меҳнат вазирлгик мутахассислари томонидан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси "Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлов" бўйича жарима миқдорини сезиларли даражада, яъни биринчи қонунбузарлик ҳолатида энг кам ойлик иш ҳақининг 25-50 баробари ва такрорий ҳолатда энг кам ойлик иш ҳақининг 50-100 баробари миқдорида оширишга қаратилган  ҳужжат кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда.