ТОШКЕНТ, 6 сен – Sputnik. Ўзбекистонда 1 кг қўлда терилган пахта учун 650 сўм тўланиши белгиланди, деб хабар қилмоқда Daryo.uz нашри.
Бу ҳақида кеча бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида бўлиб ўтган мажсилда хабар қилинган.
“Қўлда терилган бир килограмм учун биринчи босқичда контрактация шартномаси 60 фоизгача бажарилгунга қадар 650 сўм, иккинчи босқичда – 60 фоиздан 80 фоизгача 850 сўм, учинчи босқичда – 80 фоиздан ортганда 1000 сўмдан иш ҳақи тўлаш белгиланди”, - дейилган хабарда.
Пахта хом ашёси машинада терилганда бир тонна учун 400 минг сўм тўланади.
Бундан ташқари, аҳоли кам бўлган ҳудудлар учун алоҳида тартиб белгиланиб, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларининг барча туманларида, шунингдек Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Нишон ва Касби, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманларида Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қўлда терилган бир килограмм пахта учун қўшимча 150 сўм, озиқ-овқат харажатларига 150 сўм, жами 300 сўм устама ҳақи тўланадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилда қўл терими учун – 450 сўм, 500 сўм ва 700 иш ҳақи белгиланган эди.