Корея Ўзбекистонга мажбурий суғурта тизимига ўтишга ёрдам беради

Ўзбекистон 10 йил оралиғида мажбурий суғурта тизимига ўтишни режалаштирмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 сен - Sputnik. Жанубий Корея Ўзбекистонга мажбурий тиббий суғурта тизимига ўтишга кўмаклашади, деди Спутник мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдухакимов.

Абдухакимов Ўзбекистон бу тизимга ўтиши кераклиги, аммо бу иш осон бўлмаслиги, чунки энг аввало одамларнинг ишончини қозониш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистонда 10 йил ичида мажбурий тиббий суғурта тизими жорий этилади - Абдухакимов

"Одамларимиз ҳали бунга ўрганмаган. Лекин тушунишлари лозим: бу секин-секин тўлаб бориладиган ва бир кун, агарда касал бўлганида, даволанишни тўлиқ қоплайдиган пуллардир", - дея изоҳ беради Абдухакимов.

Ўзбекистон нега ҳозир бирдан мажбурий суғурта тизимига ўта олмаслигига изоҳ берар экан, бунинг сабабларини иқтисодий масалага бориб тақайди. Абдухакимовга кўра, буни аҳолининг аксарият қисми расман банд бўлганидагина муваффақиятли амалга ошириш мумкин.

"Ҳозир буни амалга оширадиган бўлсак, бюджет кўтара олмайдиган тизимга ўтиб қолишимиз мумкин", - изоҳ беради Бош вазир ўринбосари.

Абдухакимовга кўра, суғурта - бу ишонч дегани. "Одамлар тушуниши керак, ишониши керак. Ҳаётда, дейлик онкологияга учраб қолса, ўзини йўқотиб қўйиши керак эмас.

"Онкология ёхуд шу каби бошқа бир оғир дардга чалинганида, уйини, машинасини сотаётганларни кўриб турибмиз. Бундай бўлиши керак эмас. Суғурта шу учун керакки, инсон оғир дардга чалинганида тушкунлик ёки умидсизликка тушмаслиги зарур", - дейди Абдухакимов.

Бош вазир ўринбосарининг айтишича, мажбурий суғурта тизимига биринчи навбатда бюджет ташкилотлари ва йирик корхоналар ўтказилади, сўнгра бутун аҳоли қатлами қамраб олинади.

Сал олдин Ўзбекистонда мажбурий суғурта тизими 10 йил оралиғида жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.