ТОШКЕНТ, 28 сен - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистонда 2029 йилга қадар мажбурий тиббий суғурта тизими жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 16-ялпи мажлисида бош вазир ўринбосари Азиз Абдухакимов маълум қилди.
Абдухакимовнинг айтишича, Ўзбекистон президенти кўплаб йиғилишларда "Мамлакатда тиббиёт пуллими ёки бепул", деган савол ўртага ташлайди ва айнан ушбу концеция орқали Шавкат Мирзиёев томонидан бериладиган саволга жавоб топишга ҳаракат қилинган.
Кенг қамровли, дея аталаётган концепцияни яратиш учун 10 нафардан кўпроқ юқори малакали мутахассислар жалб этилган. Таъкидланишича, улар 10та гуруҳга бўлиниб, йўналишма-йўналиш, моддий-техника базасидан тортиб, қонунчиликда бўлган муаммолару, жойларда бевосита амалиётда бўлган муаммоларни-да чуқур ўрганишган.
Концецияга мувофиқ Ўзбекистонда яқин 10 йил оралиғида мажбурий пулли суғурта тизимини жорий этиш назарда тутилган.
"Энг ривожланган, энг бой мамлакатлар мисолида олиб қарайдиган бўлсак ҳам, тиббиёт тўлиқ бепул бўлишининг имконияти йўқ. Албатта, бу соҳада биз кўпроқ хусусий-давлат шерикчилиги имкониятларидан фойдаланишни йўлга қўйишимиз керак. Хорижий давлатлар мисолида олиб қарайдиган бўлсак, уларда айрим ҳолатларда 90% тиббий ёрдам хусусий сектор томонидан кўрсатилади. Бу бизда ҳам худди шундай бўлади дегани эмас, лекин президент томонидан Ўзбекистонга маъқул келадиган, энг ижобий тажрибаларни ўрганиш бўйича ҳам топшириқ берилган", - деб қайд этди Азиз Абдухакимов.