Хонобод аэродромида ўқув-машғулоти бўлиб ўтди

Қаршидаги Хонобод ҳарбий аэродромида Миг-29 ва Су-25 жанговар самолётларида ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 сен – Sputnik. Қарши шаҳри яқинида жойлашган Хонобод аэродромида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округидаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмда амалий парвоз машқлари ўтказилди, деб хабар қилмоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳарбий учувчилар Хонобод қўрғончасида жойлашган ҳарбий аэродромда СУ-25, СУ-27 ва МИГ-29 жанговар қирувчи самолётлари ёрдамида кундузги ва тунгги машқларни бажарди.

Охирги йилларда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларини янада такомиллаштириш, ҳарбий учувчиларнинг профессионаллик даражасини ошириш, авиация ҳамкорлигидаги дала-ўқув машғулотларини реал вазиятларга яқинлаштирган ҳолда олиб бориш ва унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича самарали ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон Мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолашди

Ҳар бир амалий машқларга киришишдан олдин учувчилар ўша машқни парвоз қилиши кўзда тутилган ҳудуднинг 3D форматидаги электрон тасвирда замонавий симуляция тренажёрлари ёрдамида машқ қилишади.

Маҳоратли ва тажрибали ҳарбий учувчилар самода турли усулларни қўллаб, ердаги нишонларни яксон қилди.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари шахсий таркиби қўшин ва моддий воситаларни ҳаво орқали ташиш, ҳаво разведкасини юритиш, муҳим объектларни душманнинг ҳаводан берадиган зарбасидан ҳимоя этиш, самодан туриб душманнинг авиация ва қуруқликдаги қўшинларини яксон қилиш, давлат ва ҳарбий-бошқарув тизими, фронторти ва ҳарбий-иқтисодий қудратга молик объектларни, транспорт коммуникацияларини авиацион жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби вазифаларни бажаради.

Мазкур машғулотларда ҳам маҳоратли учувчилар амалий кўникмасини мустаҳкамлаб, армия жанговар шайлиги ва қудратини оширишга, Ўзбекистон осмонининг мусаффолигини таъминлашга  хизмат қилади.