Ўзбекистон ва Тожикистон биргаликда ҳарбий ўқув машғулотлар ўтказади

Тожикистон тоғларида ўтказиладиган ўқув машғулотларида икки мамлакатдан жами 600 нафар ҳарбийлар иштирок этади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 сен – Sputnik. Ўзбекистон ҳарбийлари Тожикистонда бўлиб ўтадиган қўшма машғулотларда  иштирок этади, деб хабар қилмоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

18-22 сентябрь кунлари Тожикистон тоғли  ҳудудларида ўтказиладиган аксилтеррор қўшма ўқув машғулотларида икки мамлакатдан жами 600 нафарга яқин ҳарбийлар иштирок этади.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида бўлиб ўтадиган ушбу машғулотларда 5 кун давомида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли бўлинмалар ва тезкор гуруҳлардан иборат юз нафарга яқин ҳарбийлар, Тожикистон Республикасининг ҳарбий бошқарма органлари, шунингдек,  Сўғд гарнизони бўлинмалари ва ҳарбий қисмлари ҳарбийлари иштирок этиши режалаштирилган.

Ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари Тожикистоннинг “Чоррух-Дайрон” ўқув маркази ва “Нурафшон” полигонида ўтказилади.

Ўзбекистон ва Тожикистон Мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолашди

16 сентябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳамкорликдаги аксилтеррор машғулотларида иштирок этиш учун Тожикистонга етиб боришди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг август ойида мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Тожикистон мудофаа вазири генерал-полковник Шерали Мирзо Ўзбекисон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов билан учрашувида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларини мураккаб шароитда қўшма ўқув машғулотларида иштирок этишга ва армия жамоалари ўртасида спорт ҳамда маданий тадбирларни ўтказишга таклиф билдирган эди.

Айтиш жоизки, ушбу ўқув машғулотлари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари биргаликда ўтказаётган биринчи ўқув машғулотлари бўлади. Бундан олдин Қирғизистон билан уч мамлакат ҳарбийлари иштирокида ҳамда чегара қўшинлдари иштирокида машғулотлар бўлиб ўтган эди.