Мирзиёев ва ас-Сиси нималарга келишди?

Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Ўзбекистонга биринчи ташрифи дўстона ва амалий руҳда кечди, деб баёнот қилди президент Шавкат Мирзиёев
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 сен - Sputnik, Дилшода Раҳматова. 5-сентябр куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Ўзбекистон президенти ва Миср Араб Республикаси президентининг Қўшма баёноти қабул қилинди.

Тошкент ва Хургада орасида авиақатновлар йўлга қўйилади

Ўзбекистон етакчиси ўз чиқишида президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан мулоқот ва музокаралар "самарали, сермазмун ва жуда очиқ" ўтганини таъкидлади. Тадбир давомида бу кўтаринки ва дўстона кайфият иккиёқлама келишувларга ўз ижобий таъсирини кўрсатганига гувоҳ бўлдик.

Хусусан, ас-Сисининг Ўзбекистонга илк ташрифи бўлишига қарамай, томонлар турли соҳаларга доир 10дан зиёд битим ва меморандумларни имзоладилар.

Мирзиёев ўз баёноти доирасида чиқиши давомида Миср президенти билан нималарга келишишгани тўғрисида тўхталди.

Сиёсий соҳа: қўшма ишчи гуруҳ иш бошлайди

"Ушбу соҳада бўлиб ўтган музокараларда минтақавий хавфсизликни таъминлаш, халқаро терроризм ва диний экстремизм, уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши кураш масалаларини кўриб чиқдик", - деб таъкидлади Ўзбекистон президенти.

Спорт, таълим ва инвестиция: Ўзбекистон ва Миср 12та ҳужжат имзолади

Президент таъкидига кўра, Ўзбекистон ва Миср бу борада амалий идоралараро алоқаларни ўрнатиш ва қўшма ишчи гуруҳ ташкил этишга қарор қилган.

Мирзиёев Кўксаройдаги музокаралар натижасида тузилган ишчи гуруҳ "катта ишларни амалга ошириши ва бу ишларнинг натижаси катта бўлишига" ишонч билдирди.

Ҳамфикр давлатлар: халқаро доираларда ҳамкорлик кучаяди

Ўзбекистон президенти ўз чиқиши давомида Ўзбекистон Миср давлати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича ҳамфикрлигини таъкидлаб ўтди.

Афғонистон масаласи: мақсади мустаҳкам тинчлик ўрнатиш

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Миср президенти билан ўтказилган музокараларда "Афғонистон заминида мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлида сайи-ҳаракатларни бирлаштиришга" алоҳида урғу берилган. "Юқорида зикр этилган масалалар бўйича Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олдик", - деб таъкидлади Мирзиёев. 

Иқтисод: Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгаши тузилди

Мирзиёевнинг таъкидига кўра, Кўксаройда ўтказилган музокараларнинг диққат марказидан иқтисодий ҳамкорлик масалалари ўрин олган.

Иккала томон савдо сотиқ ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга, шу мақсадда бор имкониятлардан кенг ва самарали фойдаланишга келишган.

Ўзбекистон Мисрга нималар етказиб беришга тайёр?

"Биз бугунги ҳолат мавжуд имкониятларимизга мос эмаслигини таъкидлаб, икки томонлама савдо айланмасини яқин йилларда янада ошириш, экспорт қилишда транспорт ҳаражатларини камайтириш учун зарур чоралар кўришни мақсад қилиб қўйдик", - деди Ўзбекистон президенти.

Томонлар шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, нефт, кимё, машинасозлик, электротехника, текстил, чарм галантерея, фармацевтика каби соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилган.

Мирзиёевнинг таъкидига кўра, бу борада савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича, Ҳукуматлараро қўшма комиссия ишини фаоллаштириш Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгашини ташкил этишга келишилган.

Туризм соҳаси: мисрлик сайёҳлар кўпаяди

Ўзбекистон президенти таъкидига кўра, Тошкент туризм соҳасида катта тажриба ва салоҳиятга эга бўлган Миср билан бу соҳада ҳамкорликни кучайтиради.

Миср билан туризм, ислом маданияти ва спорт соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилади

"Биз зиёрат туризми доирасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларимизни кўриш, имом ал-Бухорий, имом Мотрудий, имом Баҳоуддин Нақшбанд, Шоҳи Зинда, Чор Бакр, Мир Араб мажмулаларини зиёрат қилиш учун Мисрдан келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича Тошкент-Қоҳира ва Хургада ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича масалаларни муҳокама қилдик", - деди Ўзбекистон раҳбари.