Алишер Усмонов Тошкентда минбардан туриб Мирзиёевга нима деди

Алишер Усмонов Тошкентда юксак минбардан туриб, президент Шавкат Мирзиёевга қилган мурожаатида, Ўзбекистоннинг порлоқ келажагини ўз ҳаётининг мазмуни сифатида белгилаб олганини маълум қилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 сен - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотланган миллиардер Алишер Усмонов ушбу кун унинг ҳаётида "улуғ ва ҳаяжонли" бўлишини таъкидлади, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Алишер Усмонов “Пахтакор” футбол клубига $ 20 миллион сармоя киритди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда йирик инвестицион лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш ишларига қўшган катта ҳиссаси учун Алишер Усмоновнинг кўксига "Эл-юрт ҳурмати" орденини тақиб қўйгач, бизнесмен минбарга чиқиб, миннатдорлик нутқини сўзлади.

Хусусан, Усмонов, Ўзбекистон раҳбари томонидан юксак нишон билан тақдирлаган бу кун унинг ҳаётида "улуғ ва ҳаяжонли кун бўлишини" қайд этди. Бизнесмен бундай ҳаяжонли кунда "раҳмат" айтиш учун керакли сўзларни топишга ожиз қолаётганини тан олди.

"...Шунча қийинчилик, армон ва умидлар бугун юзага чиқаяпти менинг ҳаётимда... Фақат менинг ҳаётимда эмас, бутун ўзбек халқининг умиди сизнинг қўлингизга топширилган. Албатта, ҳар битта ўзбек ўғлонининг мажбурияти бугун ёнингизда туриб, қўлидан келганича ва балки қўлидан келганидан кўп ёнингизда бўлиш", - деди у Мирзиёевга мурожаат қилиб.

Усмонов бу йўл жудаям қийин бўлишини, осонликни ҳеч ким бугун бермаслигини таъкидлаб ўтди.

"Менинг ишончим комилки, бутун халқ шундоқ раҳбарни бошчилигида албатта, шу режаларга етади. Ва мен ўзим учун шу режаларга етиш учун қилинган ҳар бир ҳаракатимни ҳаётимнинг мазмуни деб билмоқчиман", - деди бизнесмен.

Шундан сўнг Усмонов Ўзбекистон президентига ўз миннатдорлигини билдирган ҳолда, унга саломатлик ҳамда куч тилади.

Алишер Усмонов ўз нутқини "халқимизга тинчлик, фаровон ҳаёт ва иқтисодий бойлик тилайман", деган сўзлар билан якунлади.