Шавкат Мирзиёев велосипедда юришни оммалаштириш зарурлигини таъкидлади

"Одамларимиз фақат машиналарда юрмасдан, кўпроқ велосипед ҳайдаса, юраги бақувват бўлади, умри узаяди. Шунинг учун бу корхонани ишга туширишни тезлаштириш керак” - деди Мирзиёев.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.  

Шавкат Мирзиёевнинг янги вертолёти намойиш қилинди

Хабарда айтилишича, Тошкент вилоятида жорий йилда 622 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Қуйичирчиқ туманида велосипед ишлаб чиқариш лойиҳаси улардан биридир. Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этиладиган ушбу корхонага 80 миллион доллар инвестиция йўналтириш, 260 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. 

Шавкат Мирзиёев бу лойиҳага алоҳида эътибор қаратди. Велосипед ишлаб чиқаришни кўпайтириб, йўл бўйларида йўлакчалар ташкил этиб, велосипедда юришни оммалаштириш зарурлигини таъкидлади. 

“Бу соғлик дегани. Одамларимиз фақат машиналарда юрмасдан, кўпроқ велосипед ҳайдаса, юраги бақувват бўлади, умри узаяди. Шунинг учун бу корхонани ишга туширишни тезлаштириш керак” - деди президент.

Корхона қурилиши жорий йил октябрда бошланади.

Ўзбекистон раҳбари саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм соҳаларига оид лойиҳалар бўйича ҳам мутасаддиларга топшириқлар берди.